Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси В.В.Феннинг ватандошларга мурожаати
Ассалому алайкум азиз ватандошлар!
Бугун Корея Республикасида вақтинча ва доимий равишда истиқомат қилиб келаётган барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман.
Ҳозирги кунда Кореяда муаммо туғдираётган коронавирус туфайли фуқароларимиз хавотирга тушганидан хабарим бор.
Корея Республикаси ҳукумати коронавирус билан курашиш учун бошқа давлатларга нисбатан жадал равишда масъулият билан замонавий тиббиёт технология ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда вирус билан касалланган беморларни қисқа муддат ичида аниқлаш ва уларни даволаш бўйича барча сай-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Ҳозирда беморларнинг сони кўпайиб бормоқда, аммо яқин келажакда Корея Республикаси ҳукумати ва тиббиёт соҳаси мутахассислари вирус тарқалишининг камайишига ва унинг хавфини кескин сусайишга ишонч билдирмоқдалар.
Бундай вазиятда Ўзбекистон фуқароларини ташвишга тушмасдан хотиржамликни сақлашга чақираман. Шу билан бирга, одамлар йиғиладиган тадбир ёки жойларга бормасликни, ушбу вирусга қарши курашиш учун тавсия этилган эҳтиёт чораларини қатъиян бажаришингизни сўрайман.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги иқтисодий ва дўстона ҳамкорлик хар қачонгидан хам кўпроқ ривожланмоқда. Яқин ҳамкорлигимиз натижасида фуқароларимизнинг Жанубий Кореяда қулай шарт-шароитлар остида таълим олишлари ва ишлашлари таъминланмоқда.
Корея Республикасида инсон ҳаётига тахдид солаётган коронавируснинг хавфи сақланиб қолаётган бир пайтда, мен, сиз фуқаролардан, саросимага тушмасликка ҳамда юқорида қайд этилган барча тавсияларга қатъиян амал қилишни яна бир бор сўраб қоламан.
Муҳтарам юртдошлар,
Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси коронавирус сабабли пайдо бўлаётган муаммоларни тезкорликда бартараф этиш учун 24 соатлик иш тартибига ўтказилган. Шу боис, исталган вақтда биз билан алоқага чиқишингиз мумкинлигини билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга соғлик-саломатлик ва хотиржамлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Виталий Фен
Ўзбекистон Республикасининг
Корея Республикасидаги
Фавқулодда ва Мухтор Элчиси