Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи - халқдир
“Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш — барчамизнинг бош мақсадимиздир”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан куни кеча, 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда худди шундай деб таъкидлади.
Давлат раҳбари бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақирди. Президентимиз уқтирганидек, “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз”.
Президентимиз даставвал ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилиш ҳамда конституциявий ислоҳотлар ўтказиш заруратини кун тартибига қўйгани билан боғлиқ долзарб саволларга батафсил тўхталди. Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш давр тақозосидир”.
Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Конституцияни янгилаш борасида илгари сурган амалий таклифларни бир неча йирик гуруҳга ажратиб таҳлил ва талқин қилишни лозим топдик.
ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Президентимиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари масаласи билан боғлиқ аниқ таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.
Биринчидан, инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Чунки “Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим”.
Иккинчидан, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритиш таклиф қилинди. Нега деганда, “яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.
Учинчидан, кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”га кўра, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. “Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман”, дея таъкидлади Президентимиз.
Тўртинчидан, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. Яъни шахс суд қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Давлатимиз раҳбари ифодаси билан айтганда, “Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур”.
Бешинчидан, Конституциямизда “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйилиши керак.
Асосий қонунимизда “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам ўз аксини топиши даркор.
Олтинчидан, янгиланган Конституцияда “маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак”, деган норма ўз аксини топиши мақсадга мувофиқ.
Еттинчидан, Асосий қонунимизда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, барча фуқароларга мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим.
Ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак.
Мазкур таклифлардан кўзланган асосий мақсад “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришдир. Президентимиз айтганидек, “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак”.
ЎЗБЕКИСТОН – ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ САРИ
Президентимиз Асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғоясини мустаҳкамлашга қаратилган бир туркум таклифларни билдирди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ”.
“Ижтимоий давлат” тушунчасига Президентимиз бундай таъриф берди: “Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат юритадиган давлат моделидир”.
“Ижтимоий давлатда инсон қадри деганда, аввало, фуқароларни яшаш учун зарур уй-жой, билан таъминлашни тушунамиз”. Шу нуқтаи назардан, Конституциямизда:
- фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш;
- суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги йўлида фуқаролар уй-жойга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини белгилаб қўйиш;
- уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилишини қатъий белгилаш лозим.
Бинобарин, “Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир”.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди”. Шу боис, Конституциямизда:
- хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш; давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини конституциявий қоида сифатида белгилаш;
- мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишини, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратишини мустаҳкамлаш;
- тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини кўзда тутиш;
- давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш;
- ер хусусий мулк бўлиши мумкинлигини аниқ белгилаш; қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги нормани акс эттириш таклиф этилмоқда.
Президентимиз “Ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу унинг оиласидир”, деб айтди. Оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида Конституциямизда “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаш керак;
- ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланишини қатъий белгилаб қўйиш лозим;
- халқаро мажбуриятларимизга кўра, болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича нормани акс эттириш шарт;
- боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топишига эришиш керак;
- давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ;
- “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади”, деган қоидани ёзиб қўйиш вақти келди;
- ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада ошириш учун: “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритиш лозим.
Давлат раҳбари “Ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир”, деди. Шу маънода:
- ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаш;
- инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга оид конституциявий нормаларни акс эттириш;
- ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилаш;
- давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш зарур.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, “Инсон саломатлиги миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш, барқарор миллий стратегиямизнинг муҳим таркибий қисмидир”. Бинобарин, Конституциямизда белгиланган “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган умумий нормани кенгайтириб, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитишни таклиф этди.
Президентимизнинг қуйидаги аниқ таклифлари ҳам диққатга сазовор:
- табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётганини назарда тутган ҳолда, экологик хавфсизлик йўналишига доир экологик-ҳуқуқий нормаларни ифода эттириш;
- боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаш;
- давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормаларни киритиш;
- устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топишини таъминлаш;
- педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйиш айни муддаодир.
Шундай қилиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур”.
Бир гуруҳ таклифлар эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масалаларни ўзида қамрайди. Бунда халқимиз учун жамият, аввало, маҳалладан бошланади, деган ибратли ақидага катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилган. Лекин, давлатимиз раҳбари айтганидек, “гоҳида бу – маҳаллаларни бошқарадиган идора, деган нотўғри гап-сўзларни ҳам эшитиб қоляпмиз”.
Шунинг учун Конституциямизда:
биринчидан, маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш;
иккинчидан, маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши таклиф этилди.
ЎЗБЕКИСТОН – ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ
Президентимиз таърифига кўра, “Ҳуқуқий давлат инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси ва буюк кашфиётидир”. Шу маънода, Конституцияга киритиш тавсия этилган бир гуруҳ таклифлар туркуми Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласига тегишлидир.
- “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйиш лозим;
- Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш даркор;
- Асосий қонунимизда халқ ҳокимиятчилигини, ҳокимиятларни бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш механизмларини таъминлашни янада кучайтириш талаб этилади;
- Асосий қонунда ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидалар белгиланиши зарур;
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда;
- ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозим;
- Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш керак;
- Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга, мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ;
- ҳокимлар бир вақтнинг ўзида Халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш керак;
- фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Конституциямизга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этиш таклиф қилинмоқда;
- ижро ҳокимияти органларининг конституциявий жавобгарлик соҳаларини, ваколатларини кенгайтириш билан бирга уларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш ҳам талаб этилади;
- ҳукумат ваколатларини кенгайтириш, хусусан, Конституцияда Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш лозим;
- Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш зарур. Зеро, “Мазкур суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди”;
- Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суд ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқ;
- Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принцип ва нормаларига асосланиши ҳақидаги моддани қўшиш лозим.
Президентимиз ана шу ғоят аниқ ва муҳим таклифларни илгари сурар экан, улардан ҳар бирининг мазмун-моҳияти ва мақсад-вазифаларини содда ҳамда тушунарли тилда изоҳлаб берди. Айни чоғда, “халқимиздан комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ
БОСҚИЧЛАРИ
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичини аниқ белгилаб берганини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчи босқич – Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш.
Конституциявий комиссия таклифлари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа парламентнинг Қонунчилик палатасига тақдим этилади. Шу муносабат билан Конституциявий комиссия фаолиятининг биринчи босқичи якунига етди.
Иккинчи босқич – парламент томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш.
Бундай демократик ёндашув “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир”, деган тамойилга тўла мос келади.
Учинчи босқич – умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталар экан, жумладан, бундай деди: “Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман”.
Хулоса қилиб айтганда, биз, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим. Президентимиз ишонч билан таъкидлаганидек, “Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри”.
Акмал САИДОВ,
Конституциявий комиссия раиси
“Янги Ўзбекистон” 22.06.2022й.