Афғонистон - барқарор ва мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида
Бугун афғон халқи оғир ижтимоий-иқтисодий инқирозни бошдан ўтказмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, айни вақтда бу мамлакат аҳолисининг 90 фоизи тўйиб овқатланмаяпти, 23 миллион афғон очлик ёқасида кун кечирмоқда. “Save the Children” халқаро ташкилоти мамлакатда 1,1 миллион бола очликнинг энг оғир даражасига дуч келганини қайд этган.
Келгуси ҳафта – 25-26 июль кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Анжуманда ушбу давлат барқарор тинчликка эришиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилади.
Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, урушдан кейинги миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Анжуман ҳақида
Йиғилишда Афғонистон муаммосини ҳал этишда бевосита иштирок этувчи Европа, Америка қитъалари, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, етакчи таҳлилий марказлар ҳамда Афғонистон Муваққат ҳукумати делегациясиилк бор бир майдонда жам бўлади.
Икки кун давомида турли тадбирлар – Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Асосий мақсад – халқаро ҳамжамиятнинг афғон йўналишида якдил самарали мулоқотини йўлга қўйиш, хусусан, халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида умумий позицияни шакллантиришга кўмаклашиш, афғон диёрининг қўшни давлатлар ва шунингдек, Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти билан конструктив мулоқот йўлларини излаш.
Мутахассислар фикрича, пойтахтимизда ўтадиган форум Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарор ривожланишга эришишнинг муҳим шарти сифатида эътироф этилмоқда.
Мулоқот чоғида асосий эътибор Афғонистон Муваққат ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг қуйидаги асосий талаблари бажарилишига қаратилади:
биринчидан, афғон заминининг халқаро террорчи ташкилотларнинг доимий бошпанасига айланишига, мамлакат ҳудудини қўшни ва дунёнинг бошқа давлатлари хавфсизлигига тахдид солишда фойдаланилишига йўл қўймаслик;
иккинчидан, Афғонистонда умуммиллий ярашувнинг асосий шарти сифатида афғон жамиятининг барча қатламлари вакилларидан иборат ҳукуматни шакллантириш, инсонлар, айниқса, аёллар, шунингдек, барча этник ва диний гуруҳлар ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 11-июлда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциясида Афғонистоннинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги алоҳида аҳамияти қайд этилган. Мазкур конференциянинг якуний натижаси сифатида давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим ташаббуси ҳаётга татбиқ этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Афғонистон тараққиёт йўлида тутган ўрни...
Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий тарзда ҳар икки давлатнинг миллий манфаатини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрларини ҳисобга олишга асосланган дўстона сиёсат юритмоқда. Тошкент ҳамиша қўшни давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиб келган.
Мамлакатимиз қўшни дўст Афғонистон заминида доимий тинчлик ўрнатиш тарафдори, бу жараённи Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим шарти деб билади.
Мазкур анжуман “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуcида 2018 йил 27 март куни ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳамда 2021 йил 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг мантиқий давоми.
Шу маънода 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилот иштирокида ўтадиган тадбир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда Афғонистонни терроризм ва урушдан холи тинч, фаровон мамлакатга айлантириш йўлида олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатларининг таркибий қисмидир.
Халқаро конференция матбуотда кенг ёритилади
Бундай йирик сиёсий воқеага маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида эътибор берилиши табиий. Шу боис анжуманни кенг ёритиш билан боғлиқ чора-тадбирлар анжуман дастурий режасига асосий мақсадлардан бири сифатида киритилган. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон бўйича олиб бораётган сиёсати аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мавзу моҳиятини чуқур англаб етишга хизмат қилади.
Беҳруз Худойбердиев. ЎзА