"Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
“Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг барча иштирокчиларини қутлашдан бағоят мамнунман.
Ушбу форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларига алоҳида миннатдорлик билдираман.
Анжуман ишида БМТ Бош котибининг вакили жаноб Маркус Потцел иштирок этаётгани Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги мақсадларга қатъий содиқ эканидан далолат беради.
Европа Иттифоқи ва Европа мамлакатлари, Хитой, Россия, АҚШ, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари давлатлари махсус вакилларининг конференцияда иштирок этаётгани эса бугунги учрашувнинг аҳамиятини янада кучайтирмоқда. Сизлар Афғонистон муаммоларини ҳал этиш ва афғон халқига ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилишда бевосита қатнашиб келмоқдасиз.
Биз бугунги форумда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, халқаро молиявий институтлар ва етакчи таҳлил марказлари вакилларини кўриб турганимиздан хурсандмиз.
Анжуманда иштирок этаётган ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи жаноб Амир Хон Муттақий бошчилигидаги нуфузли Афғонистон делегациясини ҳам қутлаймиз.
Мазкур конференция Афғонистоннинг янги ҳукумати билан афғон халқи ва бутун халқаро ҳамжамият манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан амалий фикр алмашиш учун имкон яратади, деб ишонамиз.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Ўзбек ва афғон халқлари минг йиллар давомида ёнма-ён яшаб келади. Бизни умумий маданий, маънавий ва тарихий қадриятлар, ягона дин ва буюк аждодларимизнинг мероси бирлаштириб туради.
Таъкидлаш керакки, Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.
Шу сабабли ўзининг янги тарихида чуқур ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан дунёда эътибор сусайиб бораётгани хавотир уйғотмасдан қолмайди.
Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990-йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва бу мақсадга албатта эришиш лозим.
Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар. Шу боис бундай ҳолатга йўл қўймаслик муҳимдир, чунки гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда.
Ҳозирги пайтда Афғонистон Муваққат ҳукумати мамлакатда тинчликни қарор топтириш бўйича муайян қадамлар қўймоқда, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга, қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз зарур.
Шу билан бирга, давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда.
Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз.
Бундай ёндашув Муваққат ҳукуматга бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён-атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболлар очади.
Қадрли дўстлар!
Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция ҳам Афғонистонда тинчликни сақлаш халқаро хавфсизликни таъминлаш учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини тасдиқлади.
Биз, бутун халқаро ҳамжамият афғон халқи билан бирдамликни намоён этишимиз зарур. Биз ўз саъй-ҳаракатларимизни Афғонистонни тинч, барқарор ва фаровон ўлкага, терроризм, уруш ва наркотик моддалардан холи мамлакатга айлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга сафарбар қилишимиз лозим.
Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши зарур. Айни шундай қараш жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу йўналиш, хусусан, мамлакатнинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини, инфратузилмаларга доир ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар жиҳатдан қайта тиклашга кўмаклашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга, жумладан, йирик трансминтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари сурган ҳолда, салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Сўзимнинг ниҳоясида бугунги конференция фойдали баҳс-мунозаралар учун ҳамда Афғонистон халқининг манфаатлари ва орзу-интилишларига жавоб берадиган, ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишда самарали мулоқот майдони бўлади, деб умид қиламан.
Конференция фаолиятига, унинг барча иштирокчиларига муваффақият тилайман.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти