ЕХҲТ делегацияси мамлакатимиздаги ислоҳотларни юқори баҳолади
Мамлакатимизда бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик масаласи бўйича олий комиссари К.Абдурахманов бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлди.
Қуйи палата Спикери Н.Исмоилов билан учрашувда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар фаолияти, шунингдек кейинги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида К.Абдурахманов Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш, жаҳон ҳамжамияти билан муносабатда очиқлик мезонига таяниш, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш, аҳоли билан ишлаш тизимини такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон халқаро муносабатнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқани ривожлантираётгани, сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мисли кўрилмаган даражада мустаҳкамлангани қайд этилди.
Шунингдек, ЕХҲТ мулозими республикамизнинг бир қатор вилоятларида бўлганини айтиб, юртдаги ўзгариш ва янгиланишни, жумладан, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
Конструктив ва амалий руҳда кечган мулоқотда томонлар ўзаро риштани мустаҳкамлаш, доимий равишда мулоқот олиб бориш, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашди.
Гўзал Сатторова, ЎзА