ЕХҲТ делегацияси Конституциявий комиссия фаолияти билан танишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик масаласи бўйича олий комиссари К.Абдурахманов бошчилигидаги делегация билан учрашди.
А.Саидов мулоқот аввалида меҳмонларга мамлакатимизда кечаётган Конституциявий ислоҳот юзасидан батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, аҳолининг Конституциявий қонун лойиҳасига таклиф, фикр-мулоҳаза юбориши учун барча шароит яратилган. Хусусан, мобил алоқа компаниялари орқали 30 миллиондан ортиқ абонентга Конституцияга ўзгариш ва қўшимча киритиш юзасидан СМС-хабарнома юборилди. Натижада қонун лойиҳасига таклиф сони кескин ошиб, ҳозирги кунга қадар 100 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Қайд этилганидек, бугун ёшлар ҳам айни жараёнда фаол иштирок этиб, аниқ фуқаролик позициясини билдирмоқда. Комиссияга келиб тушган таклифларнинг салмоқли қисми ёшлар томонидан юборилгани эътиборга молик.
Суҳбат чоғида делегация аъзолари берилган кенг қамровли ва таҳлилий ахборот учун миннатдорлик билдириб, Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгариш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Учрашув давомида делегация аъзолари Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Меҳмонларга Конституциявий комиссия таклифларни замонавий воситалар — “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, қисқа рақамли колл-марказ, почта алоқаси, “Telegram” ижтимоий тармоғи мессенжеридаги махсус бот орқали қабул қилиш имкони яратилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, босма матбуот нашрлари, телевидение ва радио орқали ҳам таклиф қабул қилинаётгани, жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда халқ депутатлари Кенгашлари аҳоли фикрини оғзаки ёки ёзма шаклда йиғиши мумкинлиги хусусида ҳам сўзлаб берилди.
ЕХҲТ вакиллари Конституциявий комиссия Матбуот хизмати фаолияти билан ҳам танишиб, амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Гўзал Сатторова, ЎзА