Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси бўйича ташаббусни юқори савияда ташкил этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, Қўқон шаҳри 2022 йилда “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” деб эълон қилинганлиги муносабати билан шаҳарнинг маданий ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини такомиллаштириш ҳамда жозибадорлигини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш;
зиёрат ва маданий мерос объектларига турларни ташкил қилиш ва янги саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш;
зиёрат ва маданий-тарихий туризм доирасида мунтазам тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш;
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ҳамда илмий-оммабоп нашрларда материаллар эълон қилиш орқали сайёҳларни жалб этиш;
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликда илмий-таҳлилий материаллар, бадиий, театр ва кино асарлари, видеороликлар, китоблар, тарқатма материаллар ва бошқа кўринишдаги тарғибот материалларини тайёрлаш;
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорлик орқали “Табаррук зиёрат” брендини яратиш ва тарғиб қилиш;
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар, шунингдек, туркий халқлар диаспоралари кенг тарқалган бошқа мамлакатлардан туристларни мамлакатимизга кенг жалб қилиш;
ташкил этиладиган турли тадбирлар ва лойиҳалар орқали туркий халқлар ёш авлод вакилларининг ўзаро маданий яқинлашувига эришиш, уларда миллий урф-одатлар ва аждодларга ҳурмат каби юксак қадриятларни шакллантириш.
2. Қуйидагилар:
Туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;
Қўқон шаҳрининг “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” мақомини олганлиги муносабати билан 2022-2023 йилларда амалга ошириладиган
маданий-маърифий тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ;
Қўқон шаҳрида жойлашган реставрация қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган моддий маданий мерос объектлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;
2022 йилда Қўқон шаҳрининг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) 2023 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба:
май ойининг учинчи декадасида Марғилон шаҳрида “Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида кўргазма
ва илмий-конференция;
июнь ойининг биринчи декадасида “Лаванда” фестивали;
июль ойида олий таълим муассасалари талабалари ва ёшлар учун Халқаро “Turksoy” ташкилоти билан ҳамкорликда “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали;
август ойининг учинчи ҳафтасида туркий давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури
ва унинг доирасида “B2B” форматида учрашувлар ташкил этилади;
б) Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар тилларида Давлат
буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш дастури доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан маданий меросимиз, буюк аллома ва уламоларимизнинг илм-фан ривожига қўшган бебаҳо меросини оммалаштириш ва тарғиб қилишга қаратилган қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар яратиш тизими йўлга қўйилади.
4. Қуйидагилар:
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги – “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури ва унинг доирасида “B2B” учрашувлар ҳамда “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивалини юқори савияда ташкил қилишга;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси – “Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида кўргазма ва илмий-конференция ҳамда “Лаванда” фестивалини юқори савияда ташкил қилишга;
Кинематография агентлиги – қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар яратишга масъул ҳисобланади.
5. Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2022 йил 1 октябрга қадар:
а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар тилларида юритилувчи “Табаррук зиёрат” туризм платформасини (кейинги ўринларда – Платформа) ташкил қилиш;
б) Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
Платформани Туркий давлатлар ташкилотининг расмий веб-саҳифаси билан интеграция қилиш;
Туркий давлатлар ташкилотининг ахборот ресурсларида Концепция
ва унинг доирасида амалга ошириладиган тадбирларни жойлаштириш чораларини кўрсин.
6. Транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия (А.Абдухакимов) бир ой муддатда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлардан мунтазам ва чартер авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
7. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Қўқон университети (кейинги ўринларда – Университет) ҳузурида Туризм факультети ва Меҳмонхона амалиёти маркази, Академик хостел, Академик туризм маркази, Университет ва аҳоли учун очиқ кутубхона
ва нашриётни ташкил этиш ҳамда уни туризм масалалари бўйича замонавий ўқув адабиётлари ва кутубхона фонди билан таъминлаш;
2022 йил 1 ноябрга қадар Маданий мерос агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Қўқон” арт-резиденциясини ташкил этиш;
“Golden Valley Marathon” халқаро марафонини ташкил этиш
ва ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
8. Белгилансинки:
Университет ҳузуридаги Туризм факультети ва Меҳмонхона амалиёти маркази, Академик хостел ҳамда Академик туризм маркази биноларини қуриш – Университет таъсисчилари маблағлари;
Университет ҳузуридаги очиқ кутубхона ва нашриётни ташкил этиш, уни асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
Университетни туризмга оид замонавий ўқув адабиётлари ва кутубхона фонди билан таъминлаш – Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва халқаро молия институтларининг грантлари ҳисобидан амалга оширилади.
9. Инновацион ривожланиш вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Университет билан биргаликда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2022 йил 1 сентябрга қадар ёшлар ва талабалар учун стартап лойиҳалар танловини ўтказиш чораларини кўрсин.
10. Қуйидагилар “Қўқон” арт-резиденциясини сақлаш харажатлари учун:
Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2024 йил 1 январга қадар бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан;
Молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида маблағ ажратилишини назарда тутсин.
11. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи “Туркий дунё боғи”, “Аскиячилар боғи” ва “Шахмат боғи” номли тематик боғларни барпо этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
12. Белгилансинки:
а) Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан “Туркий дунё боғи”, “Аскиячилар боғи” ва “Шахмат боғи” тематик боғларида:
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган туристлар томонидан манзарали дарахт ва бута кўчатларини танлаб олиб экиши учун махсус интерактив ахборотлаштирилган электрон портал тизими яратилади;
мазкур порталда туристлар учун манзарали дарахт ва бута кўчатларини уларнинг турларидан келиб чиқиб танлаш ва харид қилиш, дарахт ва бута кўчатларини экиш жойини белгилаб олиш имконияти яратилади;
экиладиган дарахт ва бута кўчатларига туристлар тўғрисида маълумот бириктирилади;
б) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУКнинг туристик ахборот марказлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари, чегара ўтказиш пунктларида бепул жойлаштирилади ҳамда Концепцияни амалга ошириш доирасида республиканинг туризм салоҳияти тарғиб қилиб борилади;
туристик ахборот марказлари ходимларининг чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқиши туристик ахборот марказида фаолият олиб боришини тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширилади.
13. Фарғона вилояти ҳокимлиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тематик боғлар ташкил қилиш учун ер участкалари танланиши ва уларнинг белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
14. Озарбайжон Республикасининг Шемаха шаҳри 2023 йилда “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” этиб белгиланадиган шаҳарлар учун рамзий калит топшириш маросимини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги:
бир ой муддатда “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” этиб белгиланадиган шаҳарлар учун рамзий калит ишлаб чиқсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар Озарбайжон Республикасининг Шемаха шаҳрига рамзий калит топшириш маросимини ташкил қилиш чораларини кўрсин.
16. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда
бир ой муддатда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва “Табаррук зиёрат” туризм концепциясини ёритишга доир тарғибот тадбирларини амалга оширсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Б.Ибрагимов ва Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозаров белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 29 июль