Стокгольмда Ўзбекистон элчихонаси очилади
Кеча Ўзбекистоннинг Швециядаги янги элчихонаси биринчи дипломати Стокгольмга етиб борди.
Дипломатик миссия маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Нодир Ғаниев Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги Муваққат ишлар вакили вазифасини бажаради.
У Фарғона шаҳрида туғилган, 50 ёшда. 1993 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни филолог-шарқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган.
Швецияга жўнаб кетишдан олдин Н.Ғаниев ТИВ Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи эди.
Инглиз, араб, рус ва француз тилларини билади.
Эслатиб ўтамиз, Стокгольмдаги дипломатик ваколатхона Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлди.
"Дунё" АА