Тарихий ғалаба Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади
Шахмат
Бундан 12 кун муқаддам Ҳиндистонда бошланган 44-шахмат Олимпиадасининг биринчи, иккинчи ва учинчи турларида Непал, Исландия, Словения вакилларини мағлуб этган истеъдодли шахматчиларимиз АҚШ вакиллари билан 4-турда ютиб турилган ўйинни дурангга айлантирганда, рости, бир оз ранжиганимиз бор гап.
Аммо, умидимиз сўнмаганди. Нодирбекларнинг вазмин шаҳдига, Жавоҳирнинг шиддатига, Жаҳонгирнинг кутилмаган “кишти”га, умуман, йигитларимизнинг ҳар бир турда рақибларга аниқ “зарба” бера олишига ишонгандик.
Бу ишонч партиядан турларга ўтгани сайин мустаҳкамланиб борди. Айниқса, 6-турда Ҳиндистоннинг асосий жамоаси билан ўтган мураккаб ўйинда “умидимиз омад тулпорида” эканлигини вакилларимиз янада ёрқин намоён этди. Ушбу турда биринчи тахтада ўйнаган Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистоннинг энг кучли шахматчиларидан бири, дунё рейтингида 25-ўринда бораётган Пентала Харикришна билан кечган жиддий ўйинда имкониятни бой берган, Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров дурангга эришган бир пайтда Жаҳонгир Воҳидов Кришнан Сасикиранни мағлубиятга учратиши “йўлларимиз ёруғ” эканлигини кўрсатди.
Ушбу дуранг Ўзбекистон шахматчиларининг ғалаба манзили олдидан катта довонга чиқишини таъминлади, десак муболаға бўлмайди.
Жаҳонга Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини намойиш этган йигитларимиз 8-турда Германияни, 9-турда олимпиаданинг энг кучли жамоаларидан бири – Арманистонни енгиши ва, ниҳоят, 10-турда ҳиндларнинг “яширин “қуроли” Ҳиндистон-2 жамоаси билан ақл бовар қилмас ўйиндаги ҳолат 44-олимпиаданинг бурилиш нуқтаси бўлди.
Ушбу турда Жаҳонгир Воҳидов ва Нодирбек Ёқуббоев қийин вазиятда дурангга эришиши, Жавоҳир Синдоров мураккаб партияда мағлуб бўлиши ва Нодирбек Абдусатторовнинг ўз ғалабаси билан Ўзбекистонга гўёки чемпионлик майдони кенгликларини кўрсатди, аслида.
9 август 44-шахмат олимпиадасининг охирги 11-тури Ўзбекистон шахмат тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган кун бўлиб муҳрланди.
Жамоамиз сўнгги турда Нидерландия вакилларига қарши дона сурди. Дастлаб иккинчи тахтада ўйнаган Нодирбек Ёқуббоев рақиб жамоа вакили Йорден ван Форест билан дурангга эришди. Нодирбек Абдусатторов ҳам Аниш Гири билан келишув йўлини танлади. Жавоҳир Синдоров ҳам Бенджамин Бок билан ўйинда муросага келди. Шундай қалтис вазиятда Жаҳонгир Воҳидовнинг Макс Уормердам билан ўйини ҳал қилувчи учрашув кўринишини олди. Мураккаб “ақл жанги”да Воҳидов бор иқтидорини ишга солди ва шиддатли, руҳий курашлар остида ўтган “жанг”да рақибини мағлуб этди.
Ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Эътибор, қўллов ютуқларнинг юзини очади. Халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни тарбиялаш ҳамиша давлатимизнинг эътибор марказида бўлиб келган.
Бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 5 августда қабул қилинган “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлар юртимиз келажаги бўлган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстиришга хизмат қилмоқда.
Айтиш жоиз, мамлакатимиздаги 160 га яқин ўрта таълим мактабларида шахмат тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларга 12 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Шунингдек, 250 дан зиёд болалар-ўсмирлар спорт мактабларида шахмат бўйича 600 га яқин секциялар фаолият юритмоқда. Юртимизда шахмат билан профессионал шуғулланувчилар сони 4 минг нафардан зиёд бўлиб, “ақл гимнастикаси”чиларимизнинг 25 нафари халқаро гроссмейстер ҳисобланади.
Яна бир эътиборли ҳолат. 44-шахмат олимпиадаси ғолиби бўлган шахматчиларимиз мазкур қарорлар асосида пул мукофотлари билан тақдирланади.
Унга кўра, ғолибликка эришган шахматчиларимизнинг ҳар бирига 600 миллион сўм, уларнинг мураббийига эса 300 миллион сўм пул мукофотлари топширилади.
44-шахмат олимпиадасида ёш шахматчиларимиз эришган ушбу ғалаба Ўзбекистонни шахмат олимпиадасининг чемпиони мақомига олиб чиқдики, бу мамлакатимиз ёшларининг салоҳияти, уларнинг истеъдоди, жаҳонни лол этган "ақл қуёши" минг йиллар нарисида миллионлаб инсонларнинг ҳавасини келтириб туриши, шубҳасиз.
Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган Янги Ўзбекистон тамойилини мустаҳкамлаш асносида Учинчи Ренессанс пойдевори яратилишига муносиб замин ҳозирланаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 44-шахмат олимпиадасида зафар қучган спортчиларимиз жорий йилнинг 11 августида Ўзбекистонга қайтиб келади.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА