Бунёдкорлик салоҳиятимизнинг амалий ифодаси
Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Пойтахтимиз Тошкент тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида изчил ривожланиб, замонавий қиёфа касб этмоқда. Муҳташам иншоотлар, илм-фан масканлари, турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, сўлим боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрди.
Президентимиз бу ерга 2020 йил октябрда келган, институт негизида қурилиш кластери ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг ажратилган майдон кенгайтирилиб, янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Аввало, институт учун иккита 5 қаватли ўқув корпуси, 8 қаватли маъмурий бино барпо этилди. Қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази, лабораториялар, спорт мажмуаси, ётоқхона шу ерга жойлаштирилди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишлари, таълим масканининг фаолияти билан танишди.
Институтда 4 та факультет ва 23 та кафедра бор. Бакалавриатда 22 та, магистратурада 25 та мутахассислик бўйича таълим берилмоқда. Замон талабларидан келиб чиқиб, “ақлли” уйлар ва шаҳарлар инфратузилмасини лойиҳалаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, иншоотлар зилзилабардошлиги каби йўналишлар дастурга киритилган.
Янги бинолар фойдаланишга топширилиши билан таълим қамрови ва сифати ошади. 2022/2023 ўқув йили учун 1 минг 600 дан зиёд квота ажратилган. Улар билан жами талабалар сони 7 минг 500 нафардан ортади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
– Биз қайси соҳани ислоҳ қилишга киришсак, аввал мактаб яратишдан, кадрлар тайёрлашдан бошлаяпмиз. Бу институт ҳам келгусидаги бунёдкорлик ишларига замин бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис ўқув дастурлари замон билан ҳамқадам бўлиши зарурлиги таъкидланди.
– Бугун қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётидаги «драйвер»лардан бири. Ҳамма жойда қурилишлар бўлаяпти, турли материаллар ишлаб чиқариляпти. Лекин беш йилдан кейин бугунги билим камлик қилади. Шунинг учун доим изланишда бўлишингиз, ўзингизга инвестиция қилишингиз керак. Бу инвестиция нима? Касбни мукаммал эгаллаш, тил ўрганиш, ишлаб, тажриба тўплаш, – деди Президент.
Мулоқотда талабалар институтда яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди, мақсадлари ва таклифларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Талабаларнинг амалиётини лойиҳа институтлари ва қурилиш компанияларида ташкил этиш, илмий ишларига буюртмалар шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йил 6 июль куни қурилиш ва шаҳарсозлик бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб, соҳадаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, уларга академик ва молиявий мустақиллик бериш зарурлигини айтган эди.
Шунга мувофиқ, институтнинг ташкилий-бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бошланган. Уни муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослаштириш мўлжалланган. Бу йилдан “Рақамли Университет” тизимини жорий этиш, келгуси ўқув йилидан бошлаб, кириш имтиҳонларини халқаро стандартлар асосида йилига икки марта ўтказиш режалаштирилган.
Президентимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Юнусобод туманидаги Собиробод маҳалласига борди.
Бу ерда 10 мингга яқин аҳоли яшайди. Маҳаллабай тизим натижасида ижтимоий муҳим масалалар ҳал этилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг қиёфаси янгиланди, йўлаклари, коммуникация тармоқлари таъмирланди.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи Юқори Қорақамиш канали атрофи илгари қаровсиз, кўримсиз жой эди. Эндиликда ободонлаштирилиб, сўлим хиёбонга айлантирилди. Пиёдалар учун кўприклар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари, велосипед йўлаги, фаввора барпо этилди. Ўриндиқлар, шахмат столи, чархпалак ўрнатилди. Дарахтлар экилиб, чимлар ётқизилди. Канал атрофидаги ҳудудда 300 метр узунликдаги ишкомлар ўрнатилиб, узумлар экилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.
– Ҳозир маҳалла фаоллари катта бир команда бўлди. Раиснинг ёнида ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика нозири бор. Бўлгандаям, ойлиги, шароити, ваколати билан бор. Энди шундай муносабатга жавобан масъулият ҳам бўлиши керак. Жамиятдаги ўзгаришларда маҳалла ташаббускор, халққа елкадош бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Собиробод маҳалласининг ўсиш нуқтаси – тадбиркорлик. Бу ерда ўнлаб субъектлар – ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, хусусий клиникалар, озиқ-овқат дўконлари фаолият кўрсатмоқда. Бундай ишлар бошқа маҳаллаларда ҳам йўлга қўйилган.
Шу ерда Бош вазир ўринбосарлари маҳалла фаоллари олдида Юнусобод туманига қанча инвестиция жалб этилиши, қанча иш ўрни яратилиши бўйича ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманида ташкил этилган ипотека марказини ҳам бориб кўрди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш доим муҳим масала. Давлат ва хусусий сектор томонидан кўплаб уйлар қурилаётгани бунга имконият яратмоқда. Уларни сотиб олиш учун кўмаклашиш мақсадида ипотека кредитлари таклиф этилмоқда. Лекин бу борадаги имконият ва тартиблардан ҳамма ҳам хабардор эмас.
Масалан, жорий йилда ипотека кредитлари учун тижорат банкларига бюджетдан 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Лекин олти ойда аҳолига бу маблағларнинг 30 фоизи берилган, холос.
Шу боис Президентимиз 6 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада бюрократияни камайтириш, аҳолига комплекс хизмат кўрсатадиган ипотека марказлари ташкил қилиш зарурлигини айтган эди.
Биринчи шундай марказ пойтахтимизда иш бошлади. Бу ерда ипотека бозоридаги таклифлар умумлашган ва шаффоф тизим йўлга қўйилган. Ташриф буюрувчиларга Тошкент шаҳрида қурилаётган уйлар, уларга хизмат кўрсатадиган банклар, ипотека кредитлари шартлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Олди-сотди, гаров ва ипотека кредити шартномаларини расмийлаштириш тартиби, уй-жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларида ҳам ёрдамлашилади. Энг муҳими, барча хизматлар бир жойда кўрсатилади.
– Халқимиз турмушини яхшилаш учун қанча қарорлар чиқаяпти, қулайликлар яратиляпти. Лекин кўпчилик бундан тўла хабардор эмас. Билганлар ҳам қаерга боришни билмай, овора бўлади. Бу марказ уй олишни истаганларга комплекс хизмат кўрсатиб, оғирини енгил қилади. Энди марказнинг электрон платформаларини ривожлантириб, одамларга янада қулайлик яратиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари минглаб одамлар томорқа учун ипотекадан фойдалана олмаётганига эътибор қаратиб, мутасаддиларга бу бўйича кўрсатмалар берди.
– Томорқа ипотекасини жорий қилиш керак. Томорқа ипотекаси бу халқ ипотекаси бўлади, – деди Президент.
Марказда қурилиш ва девелопер компаниялар ўз офисларини ташкил этган. Харидорлар учун барча шароитлар яратилган.
Тошкент ипотека маркази барчага – ер участкаларини сотиб олишни истаган тадбиркорларга, девелоперлик компанияларига ҳамда ипотека кредити асосида хонадон сотиб олишни истаган жисмоний шахсларга жуда фойдали платформага айланади. Бу каби лойиҳаларнинг қўллаб-қувватланиши эса соҳадаги кўплаб масалаларнинг ҳал этилишига асос бўлади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА