Саудия Арабистонига тарихий ташриф ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифининг иккинчи кунида Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашди.
Бугунги кунда Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1 миллиард 700 миллион аҳоли яшайдиган 57 та давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан биридир. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлганидан буён ташкилот билан савдо-иқтисодий, илмий, маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Учрашувда ушбу нуфузли халқаро тузилма ҳозирги замон хатарлари шароитида ислом қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон билан ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги даражаси, уларни барча долзарб йўналишларда янада кенгайтириш истиқболлари юксак баҳоланди.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотида алоҳида ўрин тутиши, мамлакатимиз илгари сураётган лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этди. ИҲТ мамлакатлари туризм вазирлари томонидан Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилингани билан табриклади.
Ўзбекистон бундан буён ҳам таълим, фан, инновациялар соҳаларида, иқлим ўзгариши масалаларида ИҲТ билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.
Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш каби муҳим ижтимоий йўналишларда, шу жумладан, ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг фан ва таълим соҳаларидаги бой салоҳияти қайд этилар экан, ИҲТ мамлакатимиз билан ташкилотга аъзо ривожланаётган давлатларда ёшларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
– Ўзбекистон – буюк мутафаккирлар ва олимлар юрти, ташкилотимиз бу соҳаларда республикангиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, – деди бош котиб.
Афғонистон халқига гуманитар кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Термиздаги логистика марказини ривожлантириш орқали ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини етказиш мумкинлиги қайд этилди. Термиздаги Афғон ёшлари учун таълим маркази фаолиятига юқори баҳо берилди.
Глобал, энг аввало, Орол минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. ИҲТ бош котиби жорий йил мартда Исломободда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Оролбўйи ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги тўғрисидаги резолюцияларни қўллаб-қувватлаганини қайд этди.
– Орол денгизи ва Чад кўлининг қуриши бир-бирига ўхшаш муаммолардир, ушбу глобал экологик хатарларни бартараф этиш халқаро ҳамжамият ва молиявий институтларни жалб қилишга қаратилган умумий ҳамкорликни тақозо этади, – деди Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Уларга ечим излаш мақсадида илмий ва амалий тажриба алмашиш, халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти бош котибни мамлакатимизга ташриф билан боришга таклиф этди. Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бу таклифни мамнуният билан қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассирни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари ИТБ президентини Тошкент шаҳрида Банк Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.
Президентимиз ИТБ билан шериклик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб, Банкнинг Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширишдаги стратегик ролини алоҳида қайд этди.
Бугунги кунда ИТБ билан биргаликда уй-жой коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқларни, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар чоғида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йил якунигача Банк томонидан 1,6 миллиард долларлик ўта муҳим лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни маъқуллаш назарда тутилган алоҳида дастур қабул қилинди. Таъкидланганидек, бу ИТБ билан муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича мамлакат дастурини қабул қилиш сари муҳим қадам бўлади.
Банкнинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонасини тез фурсатда ташкил этиш, янги молиялаштириш воситаларини жорий қилиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни, айниқса, аёллар ва ёшлар бизнесини ривожлантириш борасидаги вазифалар ечимига муҳим ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Транспорт инфратузилмаси бўйича минтақавий лойиҳаларни, Оролбўйида экологик дастурларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик, шунингдек, ИҲТнинг алоҳида траст фонди кўмагида Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва уни ижтимоий-иқтисодий тиклаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Банк бошчилигидаги ислом оламининг етакчи молиявий институтларини ўз ичига олган Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш муддатларини кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ҳамда подшоҳликнинг «ACWA Power», «SABIC», «Saudi National Bank», «Al Rajhi Capital», «Ma'aden», «Petromin» «Jamjoom Pharma», «SEDCO», «Salic», «Albawani», «Ajlan & Bros», «Desert Technologies» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг хорижга ташрифлари давомида ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланган. Бундай мулоқотлар манфаатлар туташган нуқталарни аниқлаш, саноат кооперацияси ва инвестицион ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўзаро муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳиятга эга. Кейинги йилларда Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб, қўшма корхоналар очилмоқда.
Президентимиз куни кеча Валиаҳд шаҳзода билан музокараларда икки томонлама савдо айланмасини бир неча карра кўпайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.
Бу ҳамкорликдаги бизнес учун қулай имконият. Хусусан, Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш, хорижий сармоя иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитлар яратилмоқда.
Мамлакатимизда муваффақиятли иш юритаётган Саудия компанияларининг тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Масалан, “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган.
Иштирокчиларнинг эътибори ташриф арафасида ўтган Ўзбекистон – Саудия ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг мисли кўрилмаган натижаларига қаратилди. Жумладан, унинг якунида умумий қиймати 14 миллиард доллардан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.
Ўтган 30 йилда бундай улкан келишувларга эришилмагани, саудиялик ҳамкорлар учун энг яхши шароитлар яратиш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Саудия компанияларини янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев икки томонлама шерикликни ривожлантиришга доир фикрларини баён қилди. Хусусан, саудиялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этишга таклиф этилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг истиқболли соҳалар сифатида “яшил” энергетика ва “яшил” иқтисодиёт кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон шамол электр станцияларини барпо этиш, “яшил” водород ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш, саноатда рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва қўшма илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш борасида фаол ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.
Мамлакатимиз етакчиси юртимиз рақамли иқтисодиёт, био ва нанотехнологиялар, дастурий таъминот, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида шерикликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва туризм лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Шунингдек, мамлакатимизда Саудия тараққиёт фонди иштирокида сув ва электр таъминоти борасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни такомиллаштириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.
Ҳамкорлик қилиш таклифига жавоб берар экан, Саудия Арабистони компания, холдинг ва корпорациялари раҳбарлари Ўзбекистонда фаол бизнес учун яратилган шароитларни юксак баҳоладилар. Ўз чиқишларида улар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режаларини баён қилиб, турли хил йўналишларда ўзаро алоқалар ва шерикликни ривожлантиришга доир нуқтаи назари билан бўлишдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев саудиялик ҳамкорларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглаб, барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини қайд этди.
Мутасаддиларга таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатлари кўрсатилган комплекс “Йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди. Шу орқали ташриф доирасида эришилган барча келишувлар ижроси учун тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни мамлакатимизнинг юксак мукофоти – «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади.
Маълумки, бу орден яқинда, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 августдаги қонунига мувофиқ таъсис этилди. У билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари мукофотланади.
Салмон бин Абдулазиз ушбу мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи чоғида муқаддас Макка шаҳрида ҳам бўлиб, умра амалларини бажарди.
Давлатимиз раҳбари динимиз арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиди, талбия айтиб, Масжидул ҳарамга борди.
Маълумки, каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президентимиз ана шундай шарафга муяссар бўлиб, каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди.
Сўнг байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилинди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари, уламо ва зиёлилар билан биргаликда юртимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга саломатлик ва фаровонлик тилаб дуолар ўқилди.
Шу билан Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи якунланди.
ЎзА