Инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари қандай ҳамкорлик қилмоқда?
Халқ манфаатини таъминлашга қаратилган турфа тузилмалар, жамоатчилик назорати, очиқлик ва шаффофлик – бу тобора ривожланаётган жамиятимиз қиёфаси.
Нодавлат нотижорат ташкилоти шаклидаги бу тузилмалар сони бугунги кунда 10 мингдан ошди. Улар турли жабҳаларда инсон ҳуқуқи ва манфаатини таъминлаш йўлида фаолият олиб бориш билан бирга, айнан шу йўналишда иш олиб борувчи давлат органларига ҳам яқиндан кўмаклашмоқда. Шу маънода ННТларни чинакам халқчил тузилмалар, десак муболаға бўлмайди.
Тошкент шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги» мавзусида ўтказилган Миллий форум ушбу мақсадларга қаратилган механизмларни такомиллаштиришга бағишланди.
Зеро, Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида шунга алоҳида урғу берилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ташкил этилган форум ишида 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Жумладан, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган форумда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш эътибор марказида бўлди.
Сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат бутунлай ўзгарганини, шунингдек, шахсий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари билан давлатнинг очиқ ҳамкорлиги йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган жами 33 қонунчилик ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилган бўлиб, шу кунга қадар 12 қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, 10 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 мартдаги фармони билан «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» тасдиқланди. Унда ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларини қамраб олинди.
– Инсон ҳуқуқларини ҳимояси йўлида фаолият олиб бораётган Омбудсман кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Феруза Эшматова. – Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм фаолиятида ҳам турли соҳа вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари фаол иштирок этмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясида энг аввало, уларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш муҳим ўрин тутади. Шу йўналишда ҳам ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур. Шу ўринда биз айнан шунинг учун «Омбудсман мактаблари» фаолиятини йўлга қўйдик. Бу йўлда барча, шу жумладан, журналистлар ҳам фаол иштирок этса, ўйлаган мақсадимизга эришамиз. Яъни халқимиз ҳуқуқий маданияти юксалиб борса, ҳуқуқи бузилишига йўл қўймайди ёки бузилса ҳам уни қандай талаб қилишни билади.
Миллий форум «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболлари» ҳамда «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни» деб номланган иккита шўбада давом этди.
Маърузалар фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларнинг роли, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинадиган ишларга эътибор қаратди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат мигрантлари ҳамда одам савдосидан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.
– 20 йилдан ортиқ вақт давомида ташкилотимиз одам савдосига қарши курашиб келади, – деди Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази директори Нодира Каримова. – Фаолиятимиз давомида давлат органлари кўмагига таянамиз, албатта. Ўз навбатида ушбу муаммонинг олдини олиш, одам савдосидан жабрланган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали нафақат одамларга, балки жамиятга, давлатга фойдамиз тегиб келаётганидан мамнунмиз. Хорижий давлатларда қулликка маҳкум этилган минглаб юртдошларимизни қутқаришда биз ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганимиз қўл келди. Бугунги Миллий форумда ана шу ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳақида яхши фикрлар айтилди ва ишонаманки, бу албатта рўёбга чиқади.
Миллий форум давомида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Форум якунида қабул қилинган ҳужжат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга, уларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Миллий форум якунида фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА