Самарқанд халқаро форумларга мезбонлик қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаш мақсадида 23-24 август кунлари Самарқанд вилоятида бўлди.
Шавкат Мирзиёев ташрифнинг иккинчи кунини Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Бу зиёратгоҳ буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.
Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
– Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур, –деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди.
– Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди.
Олий даражадаги ташрифлар, халқаро саммитларнинг вилоятларда ўтиши мамлакат ривожини кўрсатувчи жиҳатлардан бири. Ҳудудлар комплекс ривожлантирилаётгани натижасида сўнгги йилларда бундай йирик тадбирлар турли шаҳарларимизда ўтказилмоқда.
Яқин ойларда Самарқандда бир нечта халқаро даражадаги тадбирлар бўлиб ўтади. Айни пайтда ушбу анжуманларга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу жараённи кўздан кечирди.
Самарқанд шаҳрида XIX аср охири – XX аср бошларига оид обидалар кўп. Алишер Навоий ҳамда Шоҳрух кўчаларидаги шундай тарихий биноларда миллатлараро дўстлик ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликка бағишланган музейлар ташкил этиш режалаштирилган.
Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, музейларни мазмунан бойитиш, ҳамкор мамлакатлар билан яқин муносабатларни намоён этиш бўйича кўрсатмалар берди.
23 август куни Самарқанд туманида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази очилган эди. Бу мажмуа йирик халқаро анжуманларга мезбонлик қилади.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги Конгресс холл ва меҳмонхоналарда яратилган шароитлар билан танишди.
Меҳмонхоналарнинг иккитаси 5 юлдузли ва олтитаси 4 юлдузлидир. Конгресс холлнинг умумий майдони қарийб 6 минг квадрат метр. У 3 минг 500 кишини қабул қилиш қувватига эга. Анжуманлар вақтида ишларни самарали мувофиқлаштириш учун ситуацион марказ ҳам ташкил этилган.
Президентимиз бу ерда хорижий делегациялар, икки томонлама учрашувлар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди.
Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.
ЎзА