Юртимиз мусулмонлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий ташриф...
МУНОСАБАТ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи юртимиз мусулмонлари учун муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Сабаби, Ислом динининг маркази бўлган, Аллоҳнинг уйи – муқаддас Байтуллоҳ, икки муборак шаҳар – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара жойлашган ушбу диёрга Ўзбекистон раҳбариятининг 30 йилдан кейинги илк ташрифидир.
Давлатимиз раҳбари ташрифни ислом оламининг энг муқаддас шаҳарларидан бўлмиш Мадинадан, Масжидун Набавийни зиёрат қилиш билан бошлагани ўзига хос рамзий аҳамият касб этди. Мадина ислом тарихидаги энг муҳим шаҳарлардан бири. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалам 622 йилда бу ерга кўчиб келганлар. Қуръони каримнинг энг катта суралари шу ерда нозил бўлган.
Бу ерда Шавкат Мирзиёевни муқаддас шаҳарда зиёратда бўлиб турган ўзбекистонликлар хурсандчилик билан кутиб олишгани барчамизни тўлқинлантирди. Юрт раҳбарига ватандошларимизнинг бу даражада самимий муносабатига бошқалар ҳам ҳавас қилган бўлишса керак. Зиёрат асносида Президентимиз Ватанимиз тинчлиги, ободлиги, фаровонлиги, юртдошларимизнинг гўзал ҳаётини Аллоҳдан сўраб дуо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга миллионлаб халқимизнинг саломини етказди.
Аллоҳнинг инояти, муборак зиёратнинг фазилати сабаб икки томонлама манфаатли алоқаларга хизмат қилувчи қатор ҳужжатлар имзоланди.
Хусусан, Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди. Иншооллоҳ, ушбу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида мамлакатларимиз ҳамкорлиги равнақ топиб, халқларимиз учун ҳар жиҳатдан манфаатли бўлишига ишонч ҳосил бўлди.
Президентимиз давлат ташрифи давомида Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашиб, кўплаб масалаларни муҳокама қилишди. Биламизки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1 миллиард 700 миллион аҳоли яшайдиган 57 та давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан биридир. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлганидан буён ташкилот билан савдо-иқтисодий, илмий, маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотида алоҳида ўрин тутиши, мамлакатимиз илгари сураётган лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этар экан, ИҲТ мамлакатлари туризм вазирлари томонидан Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилингани билан табриклади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассирни қабул қилди. Учрашув мазкур банкнинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонасини тез фурсатда ташкил этиш, янги молиялаштириш воситаларини жорий қилиш масаласи тилга олингани қувонарли бўлди.
Албатта, сафар чоғида Саудия Арабистони подшоҳининг мамлакатимиз раҳбарига юксак эҳтиром кўрсатгани Ўзбекистонга, халқимизга нисбатан улкан ҳурматнинг инъикоси бўлди. Ўз навбатида, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни мамлакатимизнинг юксак мукофоти – «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади. Маълумки, бу орден яқинда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 августдаги қонунига мувофиқ таъсис этилди. У билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари мукофотланади. Салмон бин Абдулазиз ушбу мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди.
Сафар давомидаги муҳим воқеалардан яна бири – Президентимиз Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи чоғида муқаддас Макка шаҳрида ҳам бўлиб, умра амалларини бажарганидир. Давлатимиз раҳбари динимиз арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиди, талбия айтиб, Масжидул Ҳарамга борди.
Маълумки, Каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президентимиз ана шундай шарафга муяссар бўлиб, Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди. Сўнг, Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилинди. Улуғ ибодатни амалга ошириш чоғида мамлакатимиз делегацияси аъзолари, уламо ва зиёлилар билан биргаликда юртимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга саломатлик ва фаровонлик тилаб дуолар ўқилди.
Шу маънода мазкур ташриф Ўзбекистон ва кўп асрлик алоқаларга эга бўлган Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан нафақат сиёсий ёки савдо-иқтисодий аҳамиятга эга, балки ислом зиёратгоҳларига ташриф билан боғлиқ маънавий воқеа ҳам бўлди. Чунки зиёрат чоғида Ислом динига эътиқод қилувчи халқимизнинг қалб тўридаги дуолари, тилаклари янгради. Барча юртдошларимизга ушбу муборак ибодатни бажариш насиб этиши сўралди. Зотан, сўнгги даврда, хусусан, бу йил юртимиздан Умра ва Ҳаж зиёратини адо этган инсонлар сони бир неча марта ошгани дилимизда улкан шукроналик пайдо қилди. Насиб этса, келгуси йилларда зиёратчиларимиз бундан ҳам кўпайишига шубҳа йўқ.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари