Нукусда “InnoWeek-2022” кўргазмаси бўлиб ўтди
Нукусда Ёшлар технопарки янги биноси очилиш маросими ҳамда “InnoWeek- 2022” инновацион ишланмалар ҳудудий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Ҳабибуллаев, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси Бош директори О. Тўйчиев ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни янги бинонинг ҳамда кўргазманинг очилиши билан қутлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги “Республика ҳудудларида ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ёшларни илмий фаолиятга янада кенгроқ жалб этиш, ёш истеъдод эгаларини тайёрлаб бориш, илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини янада ривожлантириш мақсадида республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопаркларини ташкил этиш топширилди.
Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига 8,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
“Нукус Ёшлар технопарки” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш тўғрисида Инновацион ривожланиш вазирлигининг буйруғи қабул қилиниб, у 2021 йил 13 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилиб фаолият олиб бормоқда.
Ушбу технопаркларнинг ишлаб чиқариш моддий техник базасини шакллантириш мақсадида 3D принтерлар, ўқув кўргазмалари, лазер кескич, фрезер ишлов берувчи марказ, гидравлик лист буккич, электр пайвандлагич, лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, мебель жиҳозлари ва бошқа замонавий ускуналар харид қилинди. Бундан ташқари 10 нафар ёш ходим қабул қилиниб, ёшлар технопаркининг вазифалар тақсимоти тасдиқланди. Бу ерда иқтидорли ёшларни жалб қилиш орқали салоҳиятли лойиҳаларни шакллантириб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган танловларга тавсия этиб борилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Инновациялар миллий офиси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “Innoweek-2022” инновацион ғоялар кўргазмасининг очилиши илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопарклар ташкил этилишига хизмат қилади.
Тадбир доирасида Оролбўйи муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган миллий танловга келиб тушган лойиҳаларнинг Илмий-техник кенгашдаги очиқ муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган ўсимликлар майдонларини кенгайтириш, тупроқ таркибидаги тузни камайтириш муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга мавжуд илмий-инновацион салоҳиятни жалб этиш мақсадида эълон қилинган миллий танловга келиб тушган 52 та амалий ва инновацион лойиҳа кўриб чиқилди.
Тақдим этилган лойиҳаларнинг 11 таси Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларидан, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи инновация марказидан топширилган. Кенгаш таркибига республикамизнинг нуфузли илмий ташкилотлари ва олий таълим муассасаларидан 23 нафар етук олим жалб қилинди.
Кўргазмада 14 та олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси, 18 та тадбиркорлик субъекти ва 40 нафар ёш стартап эгаси ўз инновацион ишланмалари, технологиялари билан иштирок этди. Улар орасидан энг яхши лойиҳалар саралаб олиниб, халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига йўлланма берилди. Шунингдек, энг яхши лойиҳа эгаларига “Нукус Ёшлар технопарки” имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳасини ривожлантириш имконияти берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА