Юракларга ғурур бағишлаб
Самарқандда куни кеча бўлиб ўтган тарихий воқеалар баҳонасида кўнглимдаги бир гапни айтмоқчиман. Мен 70 ёшга кириб, шу ҳудудда бу қадар шиддатли ривожланиш, инсон тақдирига эътиборни кўрмаганман. Бугун олис қишлоқда яшовчи оддий юртдошларимиз мамлакатдаги жуда катта, оқилона ислоҳотлар самарасини сеза бошлади. Қишлоқларда йўлаклар, гулзорлар пайдо бўлганлиги фикримнинг исботидир.
Ана шундай пайтда биз тинчлигимизга, осойишталигимизга шукрона қилиш баробарида меҳрибон Президентимизни ҳам дуо қиламиз. Негаки, айнан ана шу жасоратли инсон туфайли биз дунё ҳамжамиятида кўзга кўриниб қолдик. Қўшнилар, ривожланган давлатлар билан ҳамкорлигимиз изга тушди. Ўзбекистон маҳсулотлари аста-секинлик билан жаҳон бозорини эгалламоқда. Биргина “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши аҳолининг ишлаб чиқаришга, ҳокимликларнинг эса тадбиркорларга муносабатини ўзгартирди. Бу ғояни айнан давлатимиз раҳбарининг таклифи ва жонкуярлиги билан амалга оширяпмиз. Бу иқтисодий зонадан юз хил маҳсулот экспорт қилинмоқда. Эндиликда вилоят бўйича мазкур иқтисодий зонанинг бўлимлари ташкил этилмоқда.
Бундай тараққиётга тан бермай бўладими?! “Буюк ипак йўли” деб ном олган халқаро туризм маркази тасодифий мўъжиза эмас. Кейинги беш-олти йил давомида олиб борилган оқилона ислоҳотлар самараси, халқимиз ақл заковатининг, бунёдкорлигининг натижаси. Очиғи, ана шу юракдаги гапларимни Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган суҳбатда ғурурланиб айтдим. Улуғини улуғлаган эл улуғ бўлади. Зеро, улуғликни англаш янги улуғларнинг дунёга келишига сабаб бўлади. Бугун мамлакатимизда айнан ана шу шиор амалда. Шу боисдан биз шонли тарихимиздан сабоқ чиқариб, эртанги кунимизни, фаровонлигимизни белгилаяпмиз. Иншоаллоҳ, бундай келажак дунё ҳамжамиятида эътироф этилади, бунёдкор халқимизнинг нуфузини ошираверади.
Фармон Азизов,
меҳнат фахрийси,
ЎзА