ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши
Тошкентда 24 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирликлари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар беришича, нуфузли тадбир анъанавий тарзда гул қўйиш маросими ҳамда «Шон-шараф» музейи экспозицияларини кўздан кечириш билан бошланди.
Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизизстон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга Беларусь ҳарбий идоралари раҳбарлари пойтахтимиздаги “Ғалаба” боғида “Матонат мадҳияси” монументи пойига гул қўйиб, фидойи юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу ёдгорлик халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, беқиёс жасоратини бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуага айланган. Шон-шараф» музейини томоша қилиш жараёнида юқори мартабали меҳмонлар элимизнинг мард ўғлонлари кўрсатган қаҳрамонлиги ва матонатини акс эттирувчи экспонатлар билан яқиндан танишди.
Иштирокчилар “Ғалаба” боғидан чиқиб “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида жойлашган “Конгресс-марказ”га етиб келди. Дастлаб йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондонининг Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг кун тартибидаги масалалар муҳокамасига киришилди.
Ҳар доимгидек конструктив ва дўстона муҳитда ўтган йиғилишда халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Кенгаш йиғилиши мамлакатларнинг барқарорлик ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларга қаратилган позицияси ва эътибори муштараклигини яна бир бор намойиш этди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов йилдан йилга ривожланиб, сафи кенгайиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Анжуманда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ташкилот маконида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш, жумладан, COVID-19 пандемияси салбий оқибатини бартараф этишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мазкур жараёнга кўмаклашишда давом этиш, ШҲТ ва бошқа минтақавий ҳамкор ташкилотлар ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, ташкилотга аъзо давлатлар Қуролли Кучлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳарбий маданият соҳасида алмашинувни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлган ҳарбий оркестрларнинг “Тинчлик навоси” фестивалига анъанавий тус бериш каби бошқа турли масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши якуни бўйича Қўшма баённома имзоланди.
Ҳужжатда бир қатор тадбирлар, жумладан, қўшма машқлар, ўқув машғулотлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Меҳмонлар анжуман пухта тайёргарлик билан, юксак ташкилотчилик даражасида ўтганини эътироф этишди.
Тадбир сўнгида кейинги йиғилишни 2023 йил Ҳиндистон Республикасида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг қатнашчилар “Ҳумо арена” мажмуасида тадбирнинг маданий дастури – ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳарбий оркестрлари иштирокидаги “Тинчлик навоси” халқаро фестивалининг якуний гала-концертини томоша қилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши шафелигида ташкил этилган ушбу дастурда ватанпарварлик, мардлик ва шижоатни мадҳ этувчи мафтункор наволар янгради, маҳоратли санъаткорлар ижросида жаҳон мумтоз ижоди намуналари, бетакрор репертуар билан бойитилган эстрада ва жаз, кўргазмали ҳарбий саф мусиқий асарлари намойиш этилди.
Беҳрўз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА