Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ элчисини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Дэниел Розенблюмнинг Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришдаги ҳиссасини қайд этди.
Кейинги йилларда конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама дастурлар жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил август ойида қабул қилинган фармонига мувофиқ америкалик дипломат мамлакатимизнинг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденига сазовор бўлди.
АҚШ элчиси унинг фаолиятига берилган юқори баҳо учун самимий миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик мустаҳкамланишини бундан буён ҳам фаол қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
ЎзА