Самарқанд саммити: кўп томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланади
Самарқанд ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи саналаётган ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлиги ва равнақига хизмат қилувчи тарихий саммитга мезбонлик қилди.
Самарқанднинг тарихий учрашув жойи сифатида танланишида ҳам чуқур маъно ва мазмун мужассам. Чунки бу шаҳар азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқот манзили, маданий-гуманитар алоқаларни, халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келган.
Самарқанд Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган 2750 йиллик тарихга эга қадимий шаҳар. Ўрта Осиёнинг цивилизация маркази, Ғарб ва Шарқни боғловчи кўприкдир. Сўнгги йилларда шаҳар бир қатор йирик форум ва фестивалларга мезбонлик қилди. Халқаро майдонда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди.
Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида келтирилганидек, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз
Самарқанд анжумани минтақада энг катта нуфузга эга 15 давлат раҳбарларини узоқ давом этиб келаётган пандемиядан сўнг илк бор бир стол атрофига бирлаштириб, ечимини кутаётган глобал муаммолар билан бирга ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга ундай олди.
Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатларига тенг жавоб берадиган ишончли ва кўп томонли халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, yшбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон ярата олди. Ушбу саммит тинчликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, дунё давлатлари ўртасида бирдамликни кучайтиришни мақсад қилган.
Хусусан, бугунги дунёнинг қиёфаси, инсониятнинг ҳаёти учун хавф туғдираётган таҳдидлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши каби масалаларга алоҳида тўхталишни мақсад қилиб, манфаатли ҳамкорлик бўйича долзарб келишувлар билан тарихда қолади. Энг муҳими, умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади.
Шу ўринда Президентимизнинг қуйидаги фикрларини бугунги куннинг энг долзарб муаммоси сифатида айтиб, ҳар бир мамлакат ва миллатнинг тақдири келажак авлод билан боғлиқ: “Радикализмнинг ўсиб бориши хавфли тенденцияга айланмоқда. Ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз”.
Ишонамизки, ШҲТнинг навбатдаги саммити ҳам ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича келишилган қарорлар қабул қилиш платформасига айланади. Асосийси, ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мақсуд Муҳаммедов,
"Миллий тикланиш" демократик партияси Бухоро вилояти
Кенгаши раиси, вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари