Президентимиз ташаббуслари эксперт таҳлилида
Анваржон МИРКОМИЛОВ, Тараққиёт стратегияси эксперти:
- Ҳозиргина Самарқандда ўтказилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида тузилмага аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилиши якунига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Владимир Норов иштирокчилар – мамлакатлар етакчилари томонидан илгари сурилган таклиф, ташаббусларга қисқача изоҳ бериб ўтишди.
Таъкидланишича, бу галги саммитда ШҲТ майдонида ҳамкорликни янада кенгайтириш, тинчлик, барқарорликни таъминлашга қаратилган рекорд даражадаги, яъни 40 га яқин ташаббус илгари сурилгани Самарқанд анжуманининг ўзига хос, таъбир жоиз бўлса, беқиёс, мисли кўрилмаган аҳамиятидан дарак беради. Зеро, бугунги глобаллашув жараёнида, минтақавий ва халқаро ташкилотлар нуфузи пасайиб бораётган бир даврда ШҲТ таркибига у ёки бу шаклда қўшилиш, мазкур давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдираётган давлатлар қатори тобора кенгаймоқда. Ўзбекистон раислигида ўтаётган мажлис бу борада тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак, ҳечам муболаға бўлмайди. Бинобарин, Самарқандда Қатар ва Миср мулоқот бўйича шерик мақомини олди, Беларуснинг тўлақонли аъзолик учун аризаси қабул қилиниб, ушбу давлатни асосий сафга қўшиш жараёни бошланди. Баҳрайн, Саудия Арабистони, Мьянма Иттифоқи Мальдив Республикаси ҳам ҳамкор мамлакатларга айланди.
Президентимиз, анъанага мувофиқ, бугунги кенг доирадаги йиғилишда ҳам кўплаб муҳим ва долзарб таклифларни баён этди. Давлатимиз раҳбари, айниқса, минтақадаги геосиёсий вазиятга алоҳида урғу берди.
Хусусан, мамлакатлар етакчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятга яна бир бор тортиб, ҳозир жафокаш афғон халқига кўмаклашиш ҳар қачонгидан ҳам зарур эканини таъкидлади. Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлат билан чегарадош ҳудуд - Термиз шаҳрида Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш жамғармасини тузиш ташаббуси диққатга сазовор.
Зеро, таҳликали кунларни бошдан кечираётган Афғонистонни Ўзбекистон доимо ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этиляпти. Афғонистонда тинчлик Ўзбекистон учун нима сабабдан шу қадар муҳим? Масалан, кўпдан буён амалга оширилиши кутилаётган Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар йўлаги бизга денгизга чиқиш имконини беради. Натижада республикамизнинг экспорт салоҳияти кескин ошади, транспорт-логистика тизими такомиллашади. Юк ташиш харажатлари сезиларли даражада камайиши, табиийки, иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилади. Қолаверса, мазкур транспорт йўлагининг фойдаланишга топширилиши Афғонистон давлати ва халқи учун ҳам катта фойда келтиради. Темир йўли атрофида инфратизим ривожланади, аҳоли иш билан таъминланади, одамларнинг кайфияти кўтарилади. Қаердаки, тараққиёт бўлса, ўша жойда тинчлик, барқарорлик ҳукм суради.
Саммит давомида яна бир муҳим ҳужжат – Эрон Ислом Республикасининг ШҲТ олдидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Энди ушбу давлат муайян ҳужжатларни ратификация қилгач, кейинги йил Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Саммитда ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши мумкин. Ҳаммамиз биламиз, Эрон дунёда ҳам геоиқтисодий, ҳам геосиёсий, ҳам стратегик нуқтаи назардан жуда юқори нуфузга, мавқега эга давлат ҳисобланади. Ҳудуди, инсон капитали, табиий захиралари ва бошқа ресурслари улкан. Бу давлат дунёда табиий газ захираси бўйича 2-ўринда, нефть захираси бўйича 4-ўринда, нефт қазиб олиш миқдори бўйича эса 7-ўринда. Бинобарин, ШҲТ таркибига қабул қилиниши Эроннинг ўзи учун ҳам, ташкилот учун ҳам жуда манфаатли.
Президентимиз мажлисда яна бир муҳим таклиф берди. Яъни, кейинги йилни ШҲТга аъзо давлатларда туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватланадиган бўлса, далатларимиз ўртасида муайян преференциялар, имтиёзлар асосида ўзаро сайёҳлар ҳаракатланиши йўлга қўйилади.
Шу билан бирга таълим соҳасида ҳам яхши бир ташаббус илгари сурилди. Олий ўқув юртлари ректорлари форумини ўтказиш анъанаси профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш, малака ошириш ва шу орқали таълим сифатини яхшилаш, тизимни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятини кенгайтиради.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди.
ЎзА