ШҲТ саммити талабалар нигоҳида
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юртимиздаги миллионлаб талабалар ҳам ҳаяжон, ҳам қизиқиш билан кузатишмоқда. Келажак авлод сифатида саммит доирасида илгари сурилган ташаббуслар талаба-ёшлар учун ҳам муҳим.
Қуйида талабаларнинг саммит ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан танишинг.
Фазлиддин ЖАМОЛОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 4-босқич талабаси:
– Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити бу ташкилотга аъзо ва ҳамкор давлат раҳбарларининг сўнгги 3 йил ичидаги илк бор юзма-юз учрашувидир. Ушбу учрашув доирасида Ўзбекистонга 14 та давлат раҳбари келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, логистика ва инновациялар каби соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олиб борилаётган сиёсат натижасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жаҳонда юз бераётган таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз ўз олдига ШҲТ фаолиятини янги мазмун-моҳият билан бойитиш, хусусан, транспорт-транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли тараққиёт, иқтисодий ўсишнинг янги йўналишларини белгилаш, иқлим ўзгаришлари ва экологик хавф-хатарларга қарши кураш борасидаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш каби вазифаларни қўйган бўлиб, уларнинг амалий натижаси ташкилотнинг келгуси мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Қолаверса, ШҲТнинг асосий жозибадорлиги иқтисодий, ҳарбий ривожланиш даражасидан ёки эришилган халқаро обрў-эътибордан қатъи назар, унинг аъзоларининг тенг ҳуқуқлилигидир. ШҲТ низомида ташкилот қарорлари консенсус асосида қабул қилиниши белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Моҳигул ТЎЛАНБОЕВА, Фарғона давлат университетининг Физика-техника факультети 3-босқич талабаси:
– Бугун дунёнинг етакчи хорижий давлатлари ва кенг жамоатчилик нигоҳи – Самарқанд мезбонлигида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига қаратилган. Бу жараён биз – талабалар учун ҳам қизиқ. Чунки жаҳонда содир бўлаётган турли геосиёсий ўзгаришлар даврида қўлни-қўлга бериб, бир стол атрофида халқларнинг манфаатлари йўлида муҳокамаларга киришиш ҳамкор мамлакатлар ёшлари, уларнинг тақдири учун ҳам жуда муҳим.
Воқеликларни ҳар соатда катта қизиқиш билан кузатар эканмиз, саммит доирасида ўзини тўлиқ намоён этаётган Ўзбекистон ҳукуматининг тинчликсевар сиёсати, Президентимизнинг ташаббускор ғоялари, саммитга ўзгача кўрк бағишлаётган Самарқанд замини мен ва талаба тенгдошларим қалбини ғурур ва фахрга тўлдирмоқда.
Шаҳрибону АБДУВОҲИДОВА, Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси:
– Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиздир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, мазкур халқаро саммит сабаб Самарқанд – ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга қодир бўлган платформага айлана олади десак, муболаға бўлмайди.
Бўлиб ўтаётган халқаро саммитнинг юқори савияда ташкил этилишида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Кўҳна Самарқандимиз ҳақида хориждан ташриф буюрадиган меҳмонларга батафсил маълумот беришга малакали таржимон-волонтёрларимиз саралаб олиниб, улар билан ўртада кўприк бўлиш бизга вазифа сифатида белгиланди.
Таржимонлар гуруҳи ҳозирда рус, хитой, инглиз, немис, француз, итальян, испан, япон, корейс, араб ва турк тиллари бўйича фаолият олиб бормоқда. Алоҳида таъкидлашим жоиз, бизга мана шундай масъулиятли вазифа бириктирилган экан, албатта, ушбу халқаро тадбирга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз!
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
ёзиб олди.