ШҲТ мамлакатлари иқлим бўйича баёнот қабул қилади
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Самарқандда бўлиб ўтаётган саммитда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича қўшма баёнот қабул қилиши маълум бўлди.
– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммо ўта долзарб бўлиб турибди. Бугунги кунда иқлим ўзгаришига жавоб бериш бўйича қўшма баёнотни қабул қилиш орқали мавжуд хавф ва таҳдидларга қарши курашишда бирдамликни намойиш этиш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда мазкур соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмини яратиш зарурлиги қайд этилди. Сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, олимлар, экспертлар, экологлар ва бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклифи берилди.
– Бундай форматдаги тузилма ҳамкорлик самарадорлигини оширади, энг муҳими иқлимга мослашиш бўйича лойиҳаларни давом эттиради. Ер деградацияси кучайишига қарши курашади, технологиялар трансферини жорий қилади, – дея фикр билдирди давлатимиз раҳбари.
Б.Худойбердиев,
ЎзА