“Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим
Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятига аъзо давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ўзига хос тарзда мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
Давлатимизнинг ташқи сиёсий стратегиясида хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар билан икки ва кўп томонлама ташқи сиёсат олиб бориш барқарорлик ва ривожланиш омили сифатида қаралди. Шу боис, Ўзбекистон хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга, кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аъзоси бўлди.
Шу ўринда Ўзбекистон учун Евроосиёда ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур ташкилот бугунги кунда халқаро майдонда тўлақонли ва нуфузли халқаро ташкилот сифатида ўзини намоён қила олди. ШҲТ Осиёнинг Ҳиндистон ва Покистон каби йирик давлатлари ҳисобидан кенгайиши натижасида дунёда энг йирик минтақавий ташкилотга айланди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилишида аввалбошданоқ иштирок этган давлат, унинг изчил ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ва қўшишда давом этмоқда. 2021-2022 йилларда мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотга раислик қилмоқда. Айни кунларда Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари сиёсатчилари диққат марказида бўлиб турибди. Негаки, кўҳна ва навқирон Самарқандда ўтаётган ШҲТ саммити тарихий қарорлар қабул қилинадиган майдонга айланади. Ушбу мажлис ШҲТ етакчиларининг 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганидан буён ўтган уч йилда биринчи юзма-юз учрашуви бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу саммитга қуйидагича баҳо берди: “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити “умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик тамойилларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни бошлашнинг намунаси бўлади”.
Бугунги саммит доирасида ташкилот фаолиятини ривожлантириш, минтақавий товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат ва транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик, қўшма лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишга оид 30 га яқин ҳужжат қабул қилинади. Саммит якунида қабул қилинадиган асосий ҳужжат – Самарқанд Декларациясида эса энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича иштирокчи давлатларнинг аниқ позициялари ўз ифодасини топади.
Ҳужжатда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни янада мустаҳкамлаш, транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва маданий алоқаларни чуқурлаштириш бўйича умумий ёндашувлар ўрин олган. Саммитда имзолашга тақдим этилиши кўзда тутилган кенг қамровли режа ва унда кўрсатилган аниқ тадбирлар ШҲТга аъзо барча давлатлар манфаатларига хизмат қилади. ШҲТ саммитида имзоланадиган шу каби тарихий ва стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан халқлар фаровонлиги ва мамлакатлар иқтисодий тараққиёти йўлидаги қатор мақсадлар ҳам рўёбга чиқиши муқаррар. Бугунги кунга келиб ШҲТнинг тобора юксалиб бораётган мавқеини бир қатор омиллар билан боғлаш мумкин.
Жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташкилотнинг бош мақсади ва муҳим тамойилларидан бири бўлиб, у бугунги кунда ўз аҳамиятига кўра инсоният олдида турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. ШҲТ ташкилот сифатида ўзини аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси сифатида намоён қилиб, унинг фаолияти бошқа давлатлар манфаатларига, блокли қарама-қаршилик хусусиятига эга эмаслиги билан ажралиб туради. Ташкилот доирасида аъзо давлатлар учун ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда катта аҳамиятга эга бўлган кўп қиррали ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилмоқда. Ташкилотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, диний экстремизм, терроризм, сепаратизм, наркобизнес каби тахдидларга қарши курашда ШҲТнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) фаолияти мисол бўла олади. Тузилманинг айнан пойтахтимизда ташкил этилгани Ўзбекистон ШҲТнинг фаол аъзосига айлангани, унинг ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширишда етакчи давлатлардан бири сифатида майдонга чиқаётганидан далолат беради. Бугунги кунга келиб ШҲТ фаолияти ривожида янги босқичга кўтарилганини кўриш мумкин.
Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин пасайиши, ишлаб чиқаришнинг қисқариши, ишсизликнинг ортишига сабаб бўлган пандемия давлатларнинг тараққиёт динамикасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашиб, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда. Мавжуд муаммоларни яхши қўшничилик, тенглик, ўзаро ишонч ва манфаатлар ҳамоҳанглигини таъминлаш орқали бартараф этиш мумкин.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида сўзлаган нутқида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлаган эди. Шунингдек, яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, “Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси – “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим” эканини эътироф этган.
Ўзбекистон Республикаси позициясига кўра, бугунги кунда ШҲТ олдида ечимини кутаётган бир қатор вазифалар мавжуд. Улар орасида иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш алоҳида эътиборга молик масала сифатида ўрин эгаллайди. Зеро, шу йўл билан савдо-иқтиодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва давлатларнинг фаровон тараққиётига эришиш мумкин. Бунда ўзаро савдо муносабатларидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, божхона фаолиятини мувофиқлаштириш ва рақамлаштириш, давлатлараро электрон тижоратни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтирилган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Ўз навбатида, ШҲТ доирасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича фаол илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг кенг ҳудудида улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон ўз ҳамкорлари билан биргаликда ШҲТ имконияларидан фойдаланган ҳолда, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой», "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар», «Ланчжоу – Қашқар – Иркештом – Ўш – Андижон – Тошкент – Мари» ва ҳозирги геоиқтисодий шароитда ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа транспорт йўлакларини амалиётга татбиқ этишни жадаллаштириш ниятида. Жаҳон ҳамжамиятини ларзага солган пандемия шароитида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж янада ортди. Шу муносабат билан ШҲТ доирасида аҳоли орасида компьютер саводхонлигини ошириш ҳамда мазкур соҳада етакчи мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси томонидан мавжуд шароитдан келиб чиқиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириб бориш таклифи илгари сурилмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш самарадорлигини ошириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг муттасил учрашувларини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ. Шу мақсадда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва уларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси томонидан ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш борасида бир қатор самарали саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, логистика ва инновациялар каби соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олиб борилаётган сиёсат натижасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жаҳонда юз бераётган таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз ўз олдига ШҲТ фаолиятини янги мазмун-моҳият билан бойитиш, хусусан, транспорт-транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли тараққиёт, иқтисодий ўсишнинг янги йўналишларини белгилаш, иқлим ўзгаришлари ва экологик хавф-хатарларга қарши кураш борасидаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш каби вазифаларни қўйган бўлиб, уларнинг амалий натижаси ташкилотнинг келгуси мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Дурдона МАДАМИНОВА,
Ҳилола МУСТАПОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети ўқитувчилари.
ЎзА