Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, дўстона мулоқот ва ўзаро келишув инсоният истиқболини белгилаб беради
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида давлат раҳбари халқаро ҳамжамият диққат марказида турган ушбу анжуманнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам сиёсий-мафкуравий жиҳатдан қанчалик аҳамиятли эканлигига алоҳида урғу берган.
Эътиборли жиҳати саммитга мезбонлик қилувчи давлат раҳбарининг анжуман олдидан ана шундай мақола билан чиқиши камдан-кам учрайдиган ҳолатдир. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақоласида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва ташаббуслар мамлакатнинг ушбу анжуманга қанчалик эътиборли ва ундан кутилаётган натижаларга жиддий муносабатда эканлигининг яққол ифодасидир.
Президент ўзининг мақоласида “Самарқанд руҳи” иборасини ишлатиб, азалдан тинчлик, тотувлик ва ҳамкорлик масканларидан ҳисобланган Самарқанд, бугун халқаро аҳамиятга эга анжуманга мезбонлик қилар экан, ҳеч шубҳасиз, анъанага мос ҳолда ушбу саммитда ҳам минтақавий ва халқаро миқёсдаги ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий тусдаги муаммолар ечимига доир гуманистик, демократик ғоялар билан бойитилган таклифлар, хулосалар асосида келишувларга эришишга ишонч билдириб ўтган.
Саммитнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан дунёнинг бугунги глобал манзарасида давлатлар ўртасида ҳамкорлик, дўстона мулоқот ва ўзаро келишув инсоният истиқболини белгилаб берувчи ва ҳал қилувчи омил экани таъкидланган.
Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзолиги эса ушбу ташкилотнинг ҳеч бир ҳарбий ёки сиёсий мақсадлардан, у ёки бу блоклар тузилишидан ҳоли бўлган, аксинча халқаро миқёсда барқарор тараққиёт йўлида ўзаро дўстона муносабат, тенглик асосидаги ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилганлиги билан белгиланади.
Чидем Туркйилмаз,
Мирзо Улуғбек номидаги
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори
ЎзА