Тенг шериклик ўзаро манфаатлар мезонидир
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити иштирокчи давлатлар иқтисодиёти ривожи учун ижобий туртки бериши, ўзаро муносабатларда янги саҳифа очиши шубҳасиз. Президентимиз “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида таъкидлаганидек, сўнгги йилларда дунё миқёсида кескин ўзгаришлар, кутилмаган воқеалар, экологик хавфлар кўпайиб бормоқда.
Ана шундай нозик ва айни пайтда шиддатли жараёнлар кечаётган бир пайтда Ўзбекистон ўзининг ўзгармас ташқи сиёсатига содиқ қолиши – ўзаро тенглик, ҳамдўстлик, ҳурмат, ўзга давлатлар ички ишларига аралашмаслик, тенг манфаатлар асосида мулоқот юритиш тарафдори бўлиб келаётгани кўнглимизга ғурур бахш этмоқда.
Мақолада “Бугун биз яшаётган дунё хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир” – дейди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, бугунги кунда тор доирани кўзлаган, бир томонлама манфаатларга қаратилган ғоя ва мақсадлар билан пировард мақсадга эришиб бўлмайди. Иқтисодий муносабатлар ҳам тарозининг икки палласи тенг бўлганидек, аниқ тенглик ўлчамларида амалга оширилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг бир маромда ўсишига, молиявий муносабатларда аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилишига таъсир этувчи метрология соҳасида ҳам ШҲТнинг бир қатор аъзо ва ҳамкор, кузатувчи давлатлари билан ЎзТТСА “Ўзбекистон миллий метрологи институти” ҳамкорлик қилмоқда. Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатлари билан ўзаро тажриба алмашиш, ўлчашларни тан олиш, малака ошириш борасидаги ишларни мисол келтириш мумкин. Эндиликда Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳаси, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ҳам институтимиз иштирок этади.
Президентимиз ўз мақоласида айтганидек, биргина ўлчашлар соҳасидаги давлатлар орасидаги ҳамкорлик доирасида техник имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатли бўлмоқда. Бу ишлар давлатимизнинг ШҲТга раислиги даврида янада фаоллашди, кучайди. Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорлар қабул қилингани ҳар бир юртдошимизни хурсанд қилади ва фахрлантиради.
Ўзбекистон инсоният ҳаётига хавф солаётган урушлар, йирик экологик муаммолар ва иқтисодий инқирозларга нисбатан жим туриб, четда қолаётгани йўқ. Аксинча, доимий равишда тинчлик тарафдори, табиатни асраб-авайлаш ташаббускори, иқтисодий тенг шерикликни ёқлаб, ўз позициясини турли нуфузли минбарларда билдириб келмоқда.
Ўзбекистон ўзи учун ҳамкорлари ҳам кучли бўлиши тарафдори. Президентимиз Самарқанд саммити олдидан “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” – дея таъкидлаб ўтди.
ШҲТга Ўзбекистон раислиги даврида хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган саксондан ортиқ йирик тадбирларнинг ўтказилиши ҳам сўзимизга исбот бўла олади.
Самарқанд азалдан Буюк ипак йўлида жойлашган маскан бўлиб дунёнинг турли ҳудудларини бир-бирига боғлаб келган. “Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин”, Президентимизнинг ушбу сўзлари шу юртнинг бир фуқароси сифатида қалбларимизда акс-садо бериб туради.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити дунё бўйлаб тарқалган пандемиядан сўнг, уч йил ўтиб аъзо ва ҳамкор давлатлар раҳбарларини бир стол атрофида бирлаштирди. Дунё аҳли кўз тикиб турган бу музокаралардан ҳар бир иштирокчи ва аъзо давлатлар вакиллари ҳам бирдек манфаат – яхшилик кутмоқда. Самарқанд саммити кўп ўтмай ўз мевасини бера бошлаши аниқ.
Лазизбек Саидорипов,
Ўзбекистон миллий метрология институти директори
ЎзА