Мамлакатимизда йил воқеаси: минтақанинг ташаббускор мезбони
“Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Барчамизга маълумки, бутун дунё нигоҳида “Йил воқеаси” сифатида юксак баҳоланаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўз мезбони – “рўйи замин сайқали” Самарқандга жуда ярашган. Дарҳақиқат, бугун азим ва ҳамиша навқирон Самарқанд замини виқор билан нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонда сиёсий аҳамиятга эга бўлган муҳим воқелик – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилгани барчамизга ўзгача туйғулар, ўзгача бир ифтихор бахш этмоқда.
Эътироф этиш жоизки, бу дунёдаги энг йирик минтақавий тузилманинг асосий анжумани – янги таклифлар муҳокамаси, ташкилотнинг келгуси ривожланиш стратегиясини белгилаб оладиган халқаро йиғиндир. Тўғри, Ўзбекистон шу кунга қадар уч марта тузилмага раислик қилган ва ташкилот макони, ҳамиша кун тартибида глобал бўлган муҳим масалаларга ечим бўладиган 54 та ташаббусни илгари сурган. Бироқ, бу гал Самарқанд саммити ўзгарган ва оламшумул янгиланишлар сари юз тутган, жаҳон бўйлаб шиддатли жараёнларни бошдан кечираётган тарихий тараққиёт кесишмасидан жой олди. Бу тарихий давр 15 та давлат раҳбарларига 2019-йилдан кейин биринчи бор юзма-юз учрашиш имкониятини тақдим этди.
Қайд этиш керакки, ўтган даврда Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислик даврини дунё ҳамжамияти сермаҳсул деб бахолади. Албатта, бу давр Ўзбекистон раислиги доирасида ўтган 80 дан зиёд турли анжуман ва учрашувлар, форумлар мавжуд ва янги ташкил этилган мулоқот платформаларда ўзаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, саноат коперацияси, трансрорт коммуникация, логистика тармоғида янги лойиҳаларни татбиқ этиш, рақамли трансформация ва яшил энергетика каби масалалар кун тартибига чиқди. Бу натижалар баробарида бир ҳақли савол туғилади. Эндиликда ШҲТни қандай янги давр кутмоқда? Бу паллада Давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир аъзо кучли бўлса, ШҲТ кучли бўлади” деган умидбахш ғояси кўпчилик кутган жасоратли жавоб бўлди. Бу эзгу ғоянинг таг заминида, моҳиятида умумбашарий тилак, минтақа халқларининг юрагидаги истак, етакчилик кучи, бирдамлик шахди мужассам.
Президентимиз юритаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат чин маънода “бешлик” нинг кучига куч қўшмоқда. Ўзбекистон тимсолида Марказий Осиёнинг тарих тамаддунига тош қўйган кўҳна Самарқанд бугун ўзаро фойдали савдо, фаол ҳамкорлик, самимий мулоқот, мустаҳкам ишонч, маслаҳатлашув руҳи билан яшамоқда.
Кенг жамоатчилик мулоҳазаларига асосланиб айтиш мумкинки, йирик модернизация жараёнларини бошлаб берган, Янги Ўзбекистонни барпо этаётган давлатимиз раҳбари – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини ҳам йиллар давомида ислоҳ этишга тайёрлади. Ҳа, баралла айта оламизки, узоқни кўзлагувчи оқил юртбошимиз ана шу масъулиятли миссияни бажаришнинг уддасидан чиқа олди.
Ортга назар ташлайдиган бўлсак, айни навқирон 21 ёшни қарши олган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти дунёнинг энг ёш тузилмаларидан бири эканлигига қарамай, қисқа давр мобайнида маслаҳат механизми форматидан кенг қамровли давлатлараро бирлашмагача бўлган йўлни босиб ўтди. Бу куч, бу қудрат, бу энергия авваламбор, тинчликка, ҳамкорликка, инсониятнинг олдида турган йирик-йирик масалаларни барқарор ҳал қилишга интилган Ўзбекистон мисолида намоён бўлди. 2021-2022 йиллар “ШҲТ тарихи китоби” га Ўзбекистоннинг етакчилиги катта ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган бўлди. Чунки, мамлакат етакчисининг ташаббуслари шунга мос ва муносиб бўлди.
Саммитнинг баланд руҳи билан айнан шу нуқтадан ШҲТнинг учинчи ўн йиллик янги босқичи бошланди. Чунки 15 та давлат раҳбарлари иштирокидаги музокараларнинг кун тартиби тараққиётнинг очиқ ва ойдин тақдиридан далолат берди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантириш, юртимизда ташкилот минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, ҳар йили ташкилот доирасида йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклифларини илгари сурганлиги ватандошларимизга, тадбиркорларга ҳамда ушбу тизим вакилларига юксак мамнуният улашмоқда.
Шунингдек, Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланишининг қўллаб-қувватланиши, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича процедураларни бошлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиниши – ҳамкорлик ташкилотининг географик қамрови қанчалик кенгаяётгани, тобора нуфузи ортаётганига яққол далил бўлди. Тузилма ўз тадрижий тараққиётининг ислоҳотлар босқичига Янги Ўзбекистон ташаббускорлигида қадам қўйиши раислик зиммасида турган бурчнинг шарафли адо этилишига замин ҳозирлади.
Энг аҳамиятлиси, ҳамкор Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжатида 44 та ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳам тарихий жараёнга айланди десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси, ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси, “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони тўғрисидаги низом, ҳамкор давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” каби муҳим ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши - бу бешлик таркибидаги халқларнинг ўзаро жипслиги, якдиллиги, аҳиллигининг ҳуқуқий кафолати сифатида “бир ёқадан бош чиқариб” амалга ошириладиган эзгу ишларга дебоча бўлиб хизмат қилади. Ҳамкор мамлакатлар ва дўстлик риштасини маҳкам тутган халқларимиз ҳаёти учун муҳим нуқта – минтақавий ва глобал хавфсизлик, жафокаш Афғон халқи муаммоларига якдил ёндошув чорлови, иқлим ўзгариши, глобал озиқ-овқат, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизлиги масалалари муҳтарам Президентимиз ташаббускорлигида муҳокама этилгани ҳам ташкилотнинг халчил ва чин инсоний мақсадларга йўғрилган қиёфасини бутун дунёга очиқ намоён эта олди.
Шунинг баробарида биз олий таълим тизими вакилларини қувонтирган яна бир ҳолат – маданий-гуманитар алоқалар доирасида маданиятлараро мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги имкониятлари эшикларини очиб бериш мақсадларига қаратилган университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш таклифининг давлатимиз раҳбари томонидан билдирилиши миллионлаб олқишларга сазовор бўлди. Чунки соат сайин янгиланиб бораётган таълим ва унинг инновацияси, халқаро тажриба алмашинув имконияти, кўпчиликка маълум бўлмаган турфа хил ҳалқларнинг бебаҳо маданияти, минтақанинг дунё нигоҳидан яширин бетакрор туристик манзиллари, янги жаҳон чемпионларини кашф этиш мумкин бўлган спорт мусобақалари ҳамкор халқларга катта имкониятларни туҳфа этиши айни муддаодир.
Зеро, давлатимиз раҳбари “Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги биз учун энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиз билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олишда яхши имкониятлар берди”, – дея таъкидлаган сўзлари кўпчиликнинг хоҳиш иродасини ифода этган ҳолда бирдамлик истагидаги кўнгиллардан жой олди.
Таъбир жоиз бўлса, бутун Ер юзининг диққат марказидан ўрин олган йирик саммит ниҳоятда юқори даражада, баланд руҳда ўтди ва бу мислсиз, юксак улуғворлик Самарқанд руҳиятида ҳали узоқ яшайди.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори
ЎзА