Самарқанд саммити – стратегик ҳамкорлик ва тенг шерикчилик анжумани
Самарқанд шаҳрида жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари кенгашининг 22-саммити бўлиб ўтди. Бутун дунё ҳамжамиятининг диққат маркази ушбу ШҲТ Самарқанд саммитининг мазмун моҳиятига қаратилди, десак муболаға бўлмайди.
Йиғилиш доирасида дунё етакчилари бугунги кунда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва низолар кузатилаётган бир шароитда ШҲТ Самарқанд саммитининг ўтказилиши ижобий воқелик эканлигини эътироф этди.
Тарихга назар ташласак, Самарқанд азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани, маданий-гуманитар ўзаро бойиш ва халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб келган. Самарқанд – сайёрамиздаги энг қадимий шаҳарлардан бири, Рим ва Афина билан тенгдош экани тарихдан яхши маълум.
Темурийлар даврида Самарқандга илм-фан, маданият ва маърифатнинг маркази сифатида бутун дунё олимлари ва санъат арбоблари талпинган. Шунинг учун Самарқандни Марказий Осиё халқлари маданиятининг бебаҳо хазинаси деб аташади. Бу ерда ўрта аср меъморчилигининг энг буюк ёдгорликлари сақланиб қолган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга лойиқ. Бой тарихига қарамай, шаҳар ўзига хослиги ва бетакрор қиёфасини йўқотмаган. Бугунги кунда Самарқанд энг гўзал ва маданий жиҳатдан бетакрор шаҳарга айланган. Буюк шаҳар эканлигига исбот ўлароқ тадбирда “Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш жоизки, асосий тадбирларнинг илк кунида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар етакчилари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳамда бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди. Бугун эса куннинг биринчи қисмида ШҲТга аъзо давлатлар кенгашининг дастлаб тор доирадаги кейин эса, кенгайтирилган тартибдаги мажлислари бўлиб ўтди.
Жумладан, саммитга раислик қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилот фаолиятини янада жонлантиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди. Шунингдек, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш, уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномалар асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.
Ўз навбатида Ўзбекистон томонидан халқаро даражада учрашув ва мулоқотларда илгари суриб келинаётган ташаббус – Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда биргаликда таъсис этиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга кенгайтирилган тартибдаги мажлис доирасида яна бир қатор дунё етакчилари томонидан ҳам ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, рўй бераётган геосиёсий кескинликларни тўғри баҳолашга қаратилган ташаббуслар ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, дунё етакчилари томонидан минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларини йўлга қўйиш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этиш, иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси эканини таъкидлади. Халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шериклик гаровидир.
Билдирилишича, бугун қабул қилинаётган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс режа шу мақсадларга қаратилган.
ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарурлиги қайд этилди. Маданиятлараро мулоқот рақамли платформаларини ишга тушириш таклиф этилди. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос ўзгаришлар палласига тўғри келгани, ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштиришга муваффақ бўлган ноёб масканга айланади.
Обиджон Хамидов,
Бухоро давлат университети ректори,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
ЎзА