Ҳамкорликда ривожланиш - манфаатлар муштараклиги
«Самарқанд руҳи» деган сўз машҳур иборага айланиб улгурди. Бу жумла «Шанхай руҳи» билан уйғунлашиб – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг эзгу мақсадларини фаол тарзда ўзида намоён қилмоқда.
Жорий йил 15-16 сентябрь кунлари ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, минтақавий трансформация маконига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати «Самарқанд декларацияси» лойиҳаси 15 дан ортиқ давлат раҳбарларини Самарқандда йиғилишига асос бўлди.
Янги Ўзбекистон минтақада ижобий томонга шиддат билан ўзгараётган янгича ҳаёт бўйича тузилган улкан дастурлар ташаббускори бўлаётгани бу, ўз навбатида, «Самарқанд руҳи» мангу барқарор эканидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, ШҲТ ҳамкорлиги қисқа вақт ичида ёш институт бўлишига қарамасдан ўзининг жипслиги, минг йиллик Буюк Ипак йўлидаги савдо-иқтисодий маконни тиклаганлиги, географик ва этнографик жиҳатдан манфаатлари муштараклиги, ҳар қандай муаммога фақат тинчлик йўли орқали оқилона ечим топиши билан эътибор қозонди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг иқтисодий институционал ривожланишини қўллаб-қувватлаб, истиқболли ғояларини тарғиб қилиб келмоқда.
Ўтган даврда иқтисодий алоқаларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари стратегик даражага кўтарилиб, 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этган. Мамлакатимиздаги Хитой ҳамкорлигида саноат, юқори технологиялар, нефть-газ, кимё, транспорт ва логистика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда 700 дан зиёд саноат ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилган.
Узоққа бормайлик, январь-июль ойлари якунларига эътибор қаратсак, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан айланмаси 25,3 фоизга ўсиб, 14,0 миллиард долларни, экспорт 24,4 фоизга ўсиб - 4,6 миллиард долларни, импорт 27,3 фоизга ўсиб - 9,4 миллиард долларни ташкил этди.
Бундай натижаларга ШҲТ ҳудудида транзит салоҳиятини ривожлантириш, ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудлари бўйлаб транспортни бошқариш бўйича келишилган тизимни амалий татбиқ этиш орқали муваффақ бўлинди.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йил Ўзбекистонда ҳамкор давлатларнинг бизнес шериклиги ҳафталиги бўйича форум ўтказиш таклифини берди.
Хусусан, «Саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдоримиз. Биз келгуси йилда Самарқандда «Ўзбекистон – ШҲТ» саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз. Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этамиз. Биз қабул қилаётган Минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳам бунга ёрдам беради», деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, анжуманда иштирокчи давлатлар ҳали фойдаланилмаган табиий хомашёлар, турли жабҳалардаги резервларини ишга солиш ва ташкилотни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этишини илгари сурди.
Айниқса, хавфсизлик, транспорт, логистика, иқтисодиёт, рақамлаштириш, яшил иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ШҲТнинг жаҳондаги нуфузини оширишга асосланган институционал ёндашувни жадаллаштириш муҳим эканини таъкидлади.
Ҳақиқатан минтақада янги уфқларни очиш ҳар бир аъзо давлатга катта иқтисодий фойда келтириши турган гап. Хусусан, иқтисодий индустриал платформалар яратиш, янгидан-янги инновацион саноат инфратузилмаларни ташкил қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун етарли иш ўринларини яратиш зарурати бор.
Шу боис Ўзбекистон кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли, узоқни кўзланган шерикликнинг янги йўналишларни ривожлантиришни илгари сурди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун қарийб демографиянинг ярмини қамраб олган бепоён масштабли ҳудудда ҳар бир давлат тинч-осуда, ўз халқи билан фаровон ҳаёт кечириши асосий мақсаддир.
Мазкур саммитда давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида Афғонистонни ривожлантириш борасида ўз таклифларини ўртага ташлар экан, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми эканини айтиб ўтди.
Салкам ярим асрдан бери уруш ўчоғига айланиши оқибатида таълим, фан, маданият, умуман ижтимоий-иқтисодий тармоқлар ва соҳалар механизмлари издан чиққан жафокаш афғон халқи ўз қўшнилари бўлмиш минтақадаги тинчлик-барқарорликдан манфаатдор давлатлар ёрдамига позитивлик билан интилаётганига алоҳида эътиборни жалб этди.
Саммитда бу хусусида «Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим», дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Эслаш жоизки, Душанбеда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев Афғонистон хусусида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича долзарб ва амалий ташаббусларни илгари сурган эди.
Жумладан, ШҲТ ҳудудида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, кибер хавфсизлик бўйича экспертлар форуми ташкил қилиш, «Бир макон бир йўл» шиори остида маданият, спорт, туризм соҳалари ва ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби пировард мақсадларни ривожлантириш долзарблигини ҳам.
Бундай ташаббусларни амалга ошириш учун қўшни Афғонистон билан ўзаро келишувларни ишлаб чиқиш, янги ҳукумат билан дипломатик мулоқотни йўлга қўйиш, жамиятининг барча қатлам ва гуруҳлари вакиллари давлат бошқарувида бўлиши, ҳудудда экстремизм ҳамда радикал ғоялар ўсишига йўл қўймаслик каби кечиктириб бўлмас таклифларни берган эди.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатларга хавф солишга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, хорижий банклардаги қарийб 9 миллиард Афғонистон давлат активларини блокдан чиқариш ва доимий равишда «ШҲТ – Афғонистон» форматида юқори даражали учрашувлари ўтказишга даъват қилгани эзгу ишларимиздан.
Шу ўринда Афғонистонинг табиий ва ички потенциали, ресурслари ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак. Афғонистон Ислом давлати бўлиб, Жануби-ғарбий Осиёнинг энг чекка шарқий қисмида жойлашган Ўрта Шарқ мамлакатларидан бири ҳисобланади. Унинг умумий ер майдони 652,2 минг км2 ва ҳудудида 25 миллиондан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилмоқда. Стратегик, маъмурий-ҳудудий тузилишига кўра, 31 вилоятни ўзида бирлаштириб, Эрон, Покистон, Хитой, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон билан чегарадош. Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги – 137 келометрни ташкил этади.
Афғонистонда фойдали қазилмалар кам ўрганилганига қарамай, у ерда тошкўмир, табиий газ, темир, хром, олтин, бериллий, қўрғошин, рух, мис рудалари ҳамда ош ва тош тузлари, олтингугурт каби қимматбаҳо конлар, маъданли сув булоқлар мавжуд.
Йирик дарёлари Амударё ва унинг ирмоғи – Панж ҳамда Ҳилманд, Фарроҳруд, Ҳерируд, Мурғоб ва Кобул дарёси Ҳинд океани ҳавзасига қуйилади. Дарёларнинг сувларидан сунъий суғоришда ҳамда электр энергия ҳосил қилишда инновацион платформалар яратишга қулай. Бундан имконият жаҳоннинг кўпгина иқтисодий тараққий этган мамлакатларида ҳам йўқ десак, хато бўлмайди.
Ялпи миллий маҳсулотнинг бешдан тўрт қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилиб, яроқли 17 миллион гектар ер мавжуд, унинг 8 миллион гектари ҳайдаладиган ерлар ҳисобланади. Суғорма ерлар 2,5 миллион гектарни ташкил этади. Бу аграр соҳани ривожлантириш учун улкан табиий имконият эмасми?
Афсуски, шунча табиий ва аграр соҳада фойдаланиш мумкин бўлган кенг имкониятлари бўлсада, мамлакатда 3 миллионга яқин киши кўчманчилик билан турмуш кечирмоқда. Аксар аҳолиси ишсиз, қашшоқ.
Президентимиз саммитда Афғонистонни ривожлантириш ва трансформацияга олиб кириш масалаларини кўтаргани минтақада нафақат тинчликни таъминлаш, балки озиқ-овқат хавфсизилигини таъминлашда, иқтисодий тараққиётда салмоқли замин эканини англатади.
Шу ўринда афғон халқининг маънавий ва маърифий тарихига ҳам назар солсак, ҳеч бир халқдан кам эмас. Чунончи, X-XI асрлар мумтоз адабиётининг намояндалари Рудакий, Фирдавсий, Саъдий каби оламга машҳур шоирлар ижод қилгани барчани ҳайратлантириб келади. Бу бебаҳо ва бетакрор хазиналарни Эрон, Афғонистон, Тожикистон халқлари ўзларининг умумий адабий мероси деб ҳисоблашлари абадий дўстлик ва эзгуликка хизмат қилиб келмоқда.
Ҳа, албатта, халқлараро тинчлик-тотувликда адабиётнинг роли катта. Афғонистон адабиётига форс-тожик ва ўзбек адибларидан Умар Ҳайём, Абдураҳмон Жомий, Ҳисрав Деҳлавий, Алишер Навоий ва Бедил ижоди баракали таъсир ўтказгани афғон халқи қадимдан Марказий Осиё халқлари билан бир жону бир тан бўлиб яшаганидан гувоҳлик беради.
Минг афсуски, кўп қутбли манфаатлар, ички низолар туфайли афғон заминида умумбашарий маънавий меросларга путур етди. Аҳоли турмуш тарзи оғирлашиб, йирик санаот хомашё ресурслари ҳамда географик стратегик транспорт йўлларга эга мамлакат иқтисодий оғир, танг аҳволга келиб қолди.
Бинобарин Самарқанддаги анжуманда «Бундан ташқари, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни бизнинг мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қиламиз», деди президент.
Бу хусусида аввалроқ, Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувида ҳам «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши ҳақида маълумот бераркан: «Ўзбекистон шароитида энг катта масала бизнинг катта-катта портларга чиқиш йўлимиз йўқ, инфратузилмамиз йўқ. Аввал ҳамма чегараларимиз мустаҳкам ёпилган эди. Агар ҳозир Сурхондарё ҳақида гапирсак, менинг бу ерда туришимга сизлар ҳам ҳайрондирсизлар. Нимага бу ерга президент келди? Мен бу ерда кўп раҳбарлар билан «Аср лойиҳаси»ни муҳокама қилиш учун, аввало, Афғонистон раҳбарини хайрихоҳ қилиш учун келдим. «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» деган темир йўл лойиҳасини қуришдан ҳаммангиз хабардор бўлдингиз. Тошкентда «Аср лойиҳаси» қурилиши лойиҳасига Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон вакиллари ўтириб қўл қўйди», деган эди давлатимиз раҳбари.
Мазкур лойиҳага Жаҳон банки томонидан илк босқичлар учун 35 миллион доллар маблағ ажратилиши борасидаги фикрлар лойиҳани не чоғлик минтақа ва жаҳон иқтисодиётидаги истиқболини кўрсатади.
Трансафғон темир йўлининг қурилиши Ўзбекистонни қўшимча янги бозорларга олиб чиқиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархининг 60-70 фоизга камайишига имкон яратади. Узунлиги 600 км.га яқин «Мозори – Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл лойиҳаси нафақат Афғонистон, балки 200 миллион аҳолиси бор Покистон билан ҳамкорликда катта бозорларга чиқиш имконини тақдим этади, денгиз портлари орқали бошқа катта бозорларга бошлаб боради.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5 йил, сарфи учун 4,8 миллиард доллар кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилаётгани мазкур темир йўл Жанубий Осиё билан Ўрта Осиёни боғлаб, нафақат минтақада янги савдо марказларини ташкил қилиш, балки ишлаб чиқариш саноат зоналарни барпо этишга асос бўлади.
Ўзбекистон учун эса, Эрон, Покистон портларига йўл очилади. Бу темир йўллари айни пайтда экспортга юборилаётган товарларимизга сарфланаётган йўл ва транспорт харажатларини 3-4 баробар арзонлаштиради. Яна бир муҳим жиҳати, юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққий этиб аграр тармоқларда экспорт ҳажмини кенгайтиради. Макроиқтисодий кўрсаткичларимизни бир неча баробарга ўсишига сабаб бўлади. Жумладан, 1,9 миллиард аҳолиси ва 3,5 триллион долларлик ЯИМга эга бўлган Жанубий Осиё – дунёда йилига 7,5 фоиз жадал иқтисодий ўсаётган минтақа бўлиб, трансафғон коридори қурилиши Марказий Осиё транспорт оқимларини диверсификация қилишга омил бўлади.
Чунки минтақа давлатларида жанубий денгизларга чиқиш учун ҳозирда фойдаланилаётган Чобаҳор ва Бандар-Аббас портларига чиқадиган коридор ва янги темир йўли ёрдамида Карачи ҳамда Гвадар портлари сари йўл очилади.
Энг қувонарлиси, лойиҳа амалга ошгач, Покистондан Ўзбекистонга саноат маҳсулотларини ташишда ҳозир 35 кун кетаётган бўлса, янги темир йўл уни узоғи билан 5 кунда етказиб беради. Бу эса, Ўзбекистон ва яқин минтақа учун улкан тараққиёт йўлини тақдим қилади.
Бундай аср лойиҳалари савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларда ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини анъанавий тарзда вужудга келтиради. Азалий халқларимиз ўртасидаги борди-келди, савдо-сотиқ, дўстлик ва ҳурмат руҳини ўстириб боради.
Шундай қилиб, саммитда аъзо давлатлар розилиги билан қабул қилинган «Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартномани комплекс режалар асосида конструктив татбиқ этишга муҳим масала сифатида қаралди. Бу йўналишда дастурга киритилган ташкилот доирасидаги университет ректорлари форумини ташкил этиш айни муддао бўлди. Форумга монанд тарзда маданият, туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этилишга келишилди.
Саммитда таъкидланган Буюк Ипак йўли бўйлаб туристик инфратузилмаларни кенг кўламда ривожлантириш, янгиларини ишга тушириш сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали платформаси бўлиши табиий. Шу мақсадда келгуси йилни Шавкат Мирзиёев «ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили» деб эълон қилишни таклиф берди. Шу куни «Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги битим ҳуқуқий кучга кирди.
Олий даражали раҳбарлар саммитида минг йилларки, етти иқлимда довруқ таратиб келган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд бирдамлиги ташаббуси тақдим этилиши, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган улкан лойиҳалар, самарадор таклифлар ва дастурлар «бир макон-бир йўл»да бирлашган давлатларни том маънода ижтимоий-иқтисодий, хавфсизлик жиҳатдан барқарор ривожлантиради.
Қўнғиротбой Шарипов,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети реетори
ЎзА