Самарқанд саммити: тараққиёт, бирдамлик йўлидаги ҳамкорлик
Самарқандда шу йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 22- саммити ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик ва ҳамфикрлик асосида юқори натижалар билан ўз ишини якунлади. ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон раислигида халқаро ташкилот фаолияти самарали бўлганлиги алоҳида кайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислиги даврида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик соҳаларини мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган бу ҳужжатлар қаторида транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегияси, Минтақалараро савдони ривожлантириш режаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури, “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтини ташкил этиш каби лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш ўринли.
Ўзбекистон Евроосиё қитъасидаги ҳудуди, иқтисодий, сиёсий салоҳияти жиҳатдан салмоқли ўрин тутувчи давлатларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этди.
ШҲТ ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлангач, қабул қилинган Самарқанд декларацияси аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамфикрлилик, ҳамкорлик ва бирдамликнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Саммит жараёнида жами 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. "Самарканд руҳи" – ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал тамаддунлараро мулоқотга жалб қилиб, ҳурмат ва ўзаро манфаатдорликка асосланган муносабатларни барқарор ривожланишига замин бўлади.
Умуман, юксак савияда ўтказилган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг ҳалқаро ҳамкорлик борасидаги муносабатларини, халқаро ҳамжамият ўртасидаги нуфузини янада юқори босқичга кўтарди.
Акмалжон Эрматов,
Андижон машинасозлик институти проректори
ЎзА