Самарқанд саммити – экспертларнинг қисқача таърифида
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Сиёсатшунослик кафедраси доценти, тарих фанлари доктори Раънохон Турсунова:
Самарқанд — хотиржамлик ва тинч мулоқот тимсоли
Бугун дунёнинг кўплаб етакчилари Самарқандга умид кўзи билан қарамоқда.
Халқлар ўртасида ишонч йўқолиб бораётган асабий глобал кун тартибида “Маданиятлар чорраҳаси” аталмиш шаҳар эшитишга, энг муҳими, суҳбатдошини тинглашга тайёр ҳар бир инсонга ўз меҳмондўстлигини тақдим этмоқда.
Ҳозир жипслашиш, биргаликда яшаш учун қўшма режа ишлаб чиқиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунёнинг тенг ярми ва бу инсониятнинг иккинчи ярмида саъй-ҳаракат зиддият эмас, келишув сари кечаётганига умид уйғотади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Афзал Ортиқов:
ШҲТ Самарқанд анжумани ҳеч ким ёлғиз ҳолда омон қола билмаслиги ҳақида бонг урди
Президентимиз ўз мақоласида замонавий муаммоларни ечишнинг энг реал ва мақбул йўли – конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорликка ишора қилди.
Одамлар омон қолиш йўлида глобал муаммоларга дуч келмоқда, энергетика, экология каби турли соҳаларда, ҳатто гуманитар йўналишда ҳам инқироз юзага келмоқда. Бундай муаммоларни қўшнилар билан маслаҳатлашмай, бир мамлакат доирасида, фақат муайян миллат манфаати нуқтаи назардан тўлиқ ҳал этиб бўлмайди.
Самарқандда энг кўп янграган чақириқ – жипслашиш, келажак учун бирлашиш: Ўз халқларингиз ўртасига чегара қўйишни бас қилинг!
Қадимий шаҳар тараққиёт ва фаровонликка фақат биргаликдаги саъй-ҳаракат билангина эришиш мумкинлигини дунёга эълон қилишга мутлақ ҳақли.
Марказий Осиё халқаро институти эксперти Нозим Ҳасанов:
Ўзбек дипломатиясининг ўзига хос белгиси...
Конструктивлик.
Ортида ҳеч вақо йўқ баландпарвоз сўзлар, узундан-узун маърузалар керак эмас, чунки энди дипломатия ўзгарди. Келинг, аниқ муаммони ҳал қилайлик, муайян чақириққа қарши турайлик.
Прагматизм – белгиланган вазифани мавҳум мафкуравий ғоя эмас, маълум бир манфаат йўлида бажариш. Бу эркинлик бўлса, биз буни қуруқ шиор сифатида қабул қилмаймиз, балки мамлакат тараққиёти учун зарурлигини яхши англаймиз. Мабодо, бу тенглик бўлса, ҳеч ким ортиғига даъво қилмайди, камроғига ҳам рози бўлмайди. Эҳтимол, бу биродарликдир. Демак, биз ўртадаги фарқни эмас, маданий ўхшашликни изламоқдамиз.
Ташаббускорлик билан биз кимгадир яшашни ўргатмаймиз. Алҳол, қандай яшашни ўз мисолимизда намоён қиламиз – ён босиш, келишиш билан, умумий манфаатни худбинликдан устун қўйиш орқали. Қўшниларнинг ички ишига аралашмай, зарурат туғилганда уларга ёрдам қўлини чўзган ҳолда.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Шуҳрат Абдуллаев:
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз бағрига тўрт ядровий давлатни, қадимий тамаддунга эга ўлкаларни, маълум келишмовчилиги бор ва муҳими уларни ҳал қилишга тайёр мамлакатларни сиғдира олди. Ҳиндистон ва Покистон Ташкилотга аъзо бўлгач, баъзи “мутахассислар” ШҲТ йўқолиб кетишини башорат қилишди. Бинобарин, бундай кескин баёнотларга қарши ўлароқ, “Шанхай саккизлиги” давлатлараро ҳамкорликни, ҳатто, мавжуд ўзаро зиддиятлар шароитида ҳам нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантириш мумкинлигининг бетакрор намунасига айлана олди.
СМТИ эксперти Азамат Сулиманов: Ўзбекистон – ШҲТнинг юраги, Шанхай ташкилотининг жўғрофий ўзаги
Дипломатия ва Ўзбекистон Президентининг нуфузи туфайли Самарқанд ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч минбари бўла олишини бир неча бор исботлади. Бунда, шубҳасиз, ШҲТнинг Самарқанд руҳи мужассам.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА