ШҲТнинг Самарқанд саммити якунлари: умумий хавфсизлик ва фаровонлик сари
ШҲТнинг Самарқанд саммити кун тартибидаги масалалар аҳамияти ва ташкилот таркибининг кенгайиши нуқтаи назаридан муҳим халқаро воқеа бўлди.
Ушбу саммит ташкилотнинг олдинги учрашувларидан бир қанча жиҳатлари билан ажралиб туради. Биринчидан, Самарқандда ШҲТ раҳбарлари коронавирус пандемияси бошланганидан буён илк марта юзма-юз учрашдилар. Иккинчидан, тадбирда Ташкилотнинг бутун фаолияти давомида энг кўп давлатлар раҳбарлари иштирок этди.
Хусусан, саммитда 14 та давлат раҳбарлари қатнашди. Унда ШҲТга аъзо 8 та давлат раҳбарлари билан бирга Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух сингари кузатувчи давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этишди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов каби давлатлар раҳбарлари меҳмон бўлиб ташриф буюришди. Самарқанд саммитида Миср ва Қатарга мулоқот бўйича ҳамкорлик мақомини бериш меморандумлари имзоланди, Баҳрайн, Мальдив ороллари, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянмага нисбатан эса бундай мақомни бериш жараёни бошланди.
ШҲТ улкан иқтисодий, сиёсий ва демографик салоҳиятга эга. Хусусан, дунё ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизи ва дунё аҳолисининг 40 фоизи ШҲТга аъзо мамлакатларга тўғри келади.
Глобал инқирозлар кучайиши шароитида ШҲТ ҳамкорлик ташкилот сифатида биргаликда ижобий ривожланиш намунасини кўрсатмоқда. Моҳиятан қараганда, ушбу интеграция бирлашмаси жадал ривожланаётган мамлакатларнинг миллий манфаатлари ҳисобга олинадиган янги, адолатли геосиёсий макон яратишга интилаётган мамлакатлар клубига айланмоқда.
Ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сонининг ошиши ШҲТ ҳарбий-сиёсий ташкилот бўлмагани, энг аввало иқтисодий бирлашма эканлигини кўрсатади. Ташкилот формати, шунингдек, глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этиш имконини ҳам беради.
Эронга иштирокчи давлат мақомининг берилиши ва Беларусга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш ШҲТнинг унга аъзо мамлакатлар халқлари манфаати йўлида барқарор ва мустаҳкам ривожланиш истагида бўлган давлатларни бирлаштиришга қаратилган ташқи сиёсий тузилмага айланганидан далолатдир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида бутун дунёга таҳдид солаётган глобал муаммоларга эътиборни қаратди: “Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда”.
Шу муносабат билан Президентимиз мамлакатлар ўртасидаги конструктив мулоқот, ишончнинг муҳимлигини таъкидлади. “Ташкилотимиз фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этмоқда. ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштирмоқда”.
“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир бор тасдиқламоқда”, - деди Ўзбекистон Президенти.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада муҳим босқичига қадам қўяётганини алоҳида таъкидлади: “Бугун Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир. Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир”.
Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат ва иқтисодий ривожланишнинг замонавий таҳдидларини ҳисобга олиб, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор муҳим таклифлар билан чиқди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ доирасида мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришнинг муҳимлигини қайд этди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш, мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар зарурлигини қайд этди. Шу муносабат билан келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.
Президент саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битим имзоланишининг муҳимлигини қайд этиб, стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирди.
Президент, экология соҳасида салбий тенденциялар кучайиб бораётгнини инобатга олиб, ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашишда мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши керак. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда махсус фондни таъсис этишни таклиф қилди.
Шунингдек, ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш таклифлари ҳам илгари сурилди.
ШҲТ халқларини янада яқинлаштириш мақсадида туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларини кўриш зарур. Ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорлигимизни фаоллаштириш учун Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йилни "ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили" деб эълон қилишни таклиф этди.
Самарқанд саммитининг янги бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда ташкилотга аъзо давлатлар икки томонлама ёки кўп томонлама хусусиятдаги айрим муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш имконига эга бўлдилар. Тадбир доирасида мамлакатлар раҳбарларининг алоҳида учрашувлари бўлиб ўтди, уларда қўшма ёки минтақавий ривожланишнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Мамлакатлар ўртасида машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва геология йўналишларида 4,6 млрд. доллар миқдорида инвестициявий шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги музокаралар натижасида, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди. Давлатлар раҳбарлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этишди.
Ўзбекистон Президенти ва Қирғизистон Президенти Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар чоғида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келишди.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг учрашувида томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, энергетика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, пахтачилик ва ипакчиликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга келишдилар.
Ўзбекистон Президенти ва Беларусь Президентининг учрашувида машинасозлик, агросаноат, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли шерикликни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўртасидаги музокаралар чоғида томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш, савдо учун тўсиқларни бартараф этишга келишиб олдилар.
Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий ўртасидаги музокараларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Кўплаб, жумладан виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, Самарқанд саммитида кўп томонлама форматдаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Россия, Мўғулистон ва Хитой раҳбарларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар иқтисодиёт, савдо, саноат, фан ва юқори технологиялар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон транспорт вазирлиги, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Хитой тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилиши бўйича уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Туркия ва ундан кейин Европага, шунингдек, Форс кўрфази давлатларига савдо ва транзит юк ташиш географиясини кенгайтиради.
Саммит якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг яқин келажакдаги ривожланиш режалари ва кун тртибини акс эттирувчи Самарқанд декларациясини имзоладилар. Хусусан, давлат раҳбарлари мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, бузғунчи кучларга қарши курашиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ниятида эканликларини билдирдилар.
Қаҳрамон Ҳақбердиев,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги
Шарқ мамлакатларининг ривожланишини
тадқиқ этиш илмий-таҳлилий маркази директори
ЎзА