Самарқанд саммити ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқди
Инсоният ўтмишининг ҳар бир даври, ҳатто дақиқаларигача ўз қадр-қиммати, мазмун-моҳияти ва мураккаб муаммолари билан кечади. Бинобарин, бугунги кун ҳам бутун дунёни мутлақо ўзгача, мислсиз мураккаб ва ниҳоятда зиддиятли даврга рўбарў этиб турибди.
Бугун инсоният атрофда содир бўлаётган турли табиий фалокатлар, саломатлиги, генофондига таҳдид солаётган касалликлар, катта-кичик сиёсий алғов-далғовликларга гувоҳ бўлмоқда. Бундай шароитда дунёнинг қайси ҳудудида бўлмасин ҳар бир киши ўз ҳаёти, фарзандлари, келажаги хусусида ўйга толади, нажот ахтаради. Шу жиҳатдан бутун дунё нигоҳи Самарқандга қаратилди, десак муболаға эмас.
Рўйи-замин сайқали Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. Аслида Самарқанд саммитига қизиқишлар анча илгарироқ бошланиб, тахминлар, башоратлар илгари сурилди. Имкониятлар чамаланди. Бир қатор масалалар очиқ ва мавҳум қолгани ҳам бор гап эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саммит арафасида республикамиз ва бир қатор хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида нашр этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи эса ҳеч бир саволга ўрин қолдирмади.
Чиндан ҳам бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сайёрамизнинг нуфузли ва халқаро майдонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга ташкилотига айланди. Ушбу мавқега эришишнинг асосий омили, шубҳасиз, мазкур халқаро ташкилотда ўзига аъзо давлатларнинг тенг манфаатли ҳамкорлигининг йўлга қўйганлигидир. Ушбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон яратганлигини мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси сўнгги йилларда ўз ҳаётларида ҳис этиб турибди, десак айни ҳақиқатни эътироф этган бўламиз.
ШҲТнинг яна бир жозибаси - унинг турли блоклардан ҳоли ҳолда иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслигидадир. Ташкилотга аъзо давлатлар сафининг кенгайиб бораётганлиги, халқаро майдондаги хайрихоҳликни ҳам аслида шу билан изоҳлаш жоиз. Боиси бугунга келиб ШҲТ географик жиҳатдан улкан маконни қамраб, дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ҳолда, наинки минтақа, балки сайёрамиздаги турли муаммолар, давлатлараро можаролар орқали тинчликнинг бузилиши, энергияга бўлган эҳтиёжнинг кундан-кунга ошиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари танқислигининг ортиши каби масалаларни ҳамкорлик асосида муваффақиятли ҳал этишга кенг майдон яратиб бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз мақоласида инсоният бугун рўбарў турган муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликда эканлигига урғу бериб, ҳеч бир мамлакат хоҳ катта, ўрта, кичик бўлсин ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмаслигини таъкидлайди.
Шу жиҳатдан Самарқанд саммити доирасида қўшни Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга тобора кенг жалб этилаётгани ниҳоятда қувонарли ҳолдир. Зеро, Афғонистонда тинчлик ва осойишталикнинг таъминланиши, барқарорлашув нафақат Марказий Осиё, балки қитъалараро транспорт ва иқтисодий ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим геосиёсий воқеа бўлади.
Саммитда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилувчи ҳужжатлар имзоланди. Табиийки, ушбу ҳамкорлик фан ва таълим соҳаларида ҳам алоқаларни, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан мустаҳкамлайди. Шу маънода инсоният тамаддунида Шарқ ва Ғарб Ренессансларига бешик бўлган қадим ва навқирон кент яна бир уйғониш даврига “Самарқанд руҳи”ни бериши шубҳасиз.
Баҳодир Собиров,
Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор,
халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА