Самарқанд саммити таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Шундай оламшумул воқеалар бўладики, у кутилмаганда миллионлаб инсонлар ҳаётини яхши тарафга ўзгартиради. Бундан одамларнинг турмуш даражаси юксалишга юз тутади. Рўзғори янада обод, кўнгли хотиржам бўлади. Халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ривожланади. Эртанги тинч, фаровон кунларга ишонч туйғуси ортади.
Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида рўйи-замин сайқали Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-саммити ҳам ана шундай улуғвор манфаатларни акс эттиргани билан жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш ўйғотди. Дунё экспертлари, сиёсатшунослари ва халқи нигоҳини қадимий ва мафтункор Самарқандга қаратди.
Олий даражада ташкил этилган саммит доирасида 44 та муҳим ҳужжат имзоланиб, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро савдода миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси”, ташкилотнинг кейинги беш йиллик режаси ва Самарқанд декларацияси қабул қилингани таҳликали ҳозирги даврда инсоният ҳаётини тубдан ўзгартиришда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятли бўлди.
Аслида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саммит олдидан мамлакатимиз ва хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида чоп этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи биронта саволни очиқ қолдирмади. Мазкур мақолада Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдир”, дея лўнда ифодалаган пурмаъно фикрлари ҳам бунга яққол далилдир.
Мамлакатимиз Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилган даврда ташкилотни янада кучли, янада жозибадор қилиш йўлида кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Хавфсизлик борасидаги алоқаларни тубдан кенгайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ошириш, транспорт-логистика ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Айни пайтда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти сайёрамизнинг деярли ярим аҳолиси яшайдиган ҳудудни қамраб олганига эътибор берадиган бўлсак, Президентимиз саммитдаги нутқида пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, сув ва табиий ресурслар етишмовчилиги, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги сингари долзарб муаммоларни илгари суриб, уларнинг ечимини ўртага ташлагани ҳам юқори баҳоланди. Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш учун Термиз шаҳридаги замонавий транспорт-логистика хаби инфратузилмасидан фойдаланиб, биргаликда махсус фонд таъсис этишни таклиф қилди. Умуман Афғонистонда тинчлик таъминланиши фақат Марказий Осиё эмас балки, қитъаларнинг транспорт ҳамда иқтисодий ҳамкорлигини юксалтиришда муҳим воқеага айланишига эътиборни қаратди. Давлатимиз раҳбарининг келгуси йилни “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йил” деб эълон қилишни таклиф этгани ҳам пандемиядан кейин соҳани қўллаб-қувватлаб, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ришталарини янада юксалтиради.
Лўнда қилиб айтганда, саммитнинг юксак даражада ўтганини жаҳондаги оммавий ахборот воситаларининг 600 дан ортиқ журналистлари кенг ёритди. Кўплаб нуфузли нашрлар Самарқанд саммити “дунёни қутблашмасликка чорлагани”ни алоҳида эътироф этди. Ҳиндистон бош вазири Надендра Моди ўзининг “Твиттер” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзбек тилида “ШҲТ саммитида самарали икки ва кўп томонлама учрашувлар олиб бордик. Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдираман”, – дея қолдирган пости ҳам Самарқанд саммити натижаларининг кутилганидан самарали кечганини кенг намоён этди. Зеро, саммит доирасида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда имзоланган ҳужжатлар давлатларимизнинг тинч ва ободлиги, халқларимиз тўкинлиги, ёшларимизнинг бахту-камоли учун хизмат қилади. Таълим, илм-фан йўналишлари ҳам янги босқичда юксалишга юз тутиб, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди.
Обиджон ШОФИЕВ,
Термиз давлат университети
Ёшлар масалалари ва манънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири