Президентимиз ташаббуслари қўллаб-қувватланди
Самарқандда ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитида минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорликдаги иқтисодий, ижтимоий, савдо-саноат, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, экология масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Самарқанд саммити доирасидаги муҳокамалар асосида жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилингани ташкилот фаолияти тарихида рекорд кўрсаткич, дея баҳоланмоқда. Дарҳақиқат, ҳар бир ҳужжат ўз йўналишида ташкилот аъзоларининг тараққий этиши, ўзаро ҳамкорликдаги ривожланиш йўлларини белгилаб беради.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш орқали ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мумкинлигини билдирди. Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. Шу билан бирга, қатор муҳим йўналишларга оид ҳаётий ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Президентимизнинг ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш таклифи ташкилот аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбарининг ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадаларни таъсис этиш борасидаги таклифлари бугунги глобаллашув шароитида долзарб аҳамият касб этади. Жумладан, ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ва алоқалар ушбу йўналишда янги платформалар яратилишига замин бўлади, соҳада ўзаро тажриба алмашиш, спортчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Спорт тадбирлари ва универсиадалар воситасида минтақа ёшларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, улар ўртасида соғлом муҳит барқарорлиги мустаҳкамланади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ҳар бир таклиф ва ташаббус минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, ШҲТнинг янада ривожланишига, турли соҳаларда янги имкониятларни очишга, дунёда ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.
Сойибжон Тожибоев,
ЎзДЖТСУ Яккакураш спорт турлари факультети декани,
педагогика фанлари доктори, профессор
ЎзА