Самарқанд саммити эзгу мақсадлар ижобати
Ўтган ҳафта Самарқанд бутун дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлди. Буюк алломаларга бешик бўлган, дунёни маънавиятимизнинг сарчашма намуналарини яратиб лол қолдирган заминда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда фахрий меҳмонлар иштирокида саммит бўлиб ўтди.
Саммитда Президентимиз анжуман иштирокчиларини қутлаш баробарида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ва лойиҳалар хусусида ҳам фикрлар билдирди. Айнан мана шу юртнинг фуқароси сифатида саммит доирасида ўтказилган тадбирларни кузата туриб, бир зиёли сифатида ШҲТ доирасида университет ректорлари форумининг ўтказилиши, маданият ва туризм кунлари ҳамда қўшма спорт тадбирлари ва универсиадаларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ масалаларнинг белгилаб берилиши мени мамнун этди.
Кези келганда айтиш зарурки, жаҳоннинг ривожланган давлатлари Россия (28 та ОТМ), Хитой (50 та ОТМ), Ҳиндистон (21 та ОТМ)даги "Топ-1000" таликка кирадиган таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар, турли янгиликларни Ўзбекистонга олиб кирилиши келгусида таълим соҳасида катта ўзгаришлар, ижобий натижаларга эришишга замин бўлиши мумкинлиги, ёшларнинг илм олиб, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши учун дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасидан фойдаланиш, таълимнинг интеграциялашуви, соҳадаги амалий ислоҳотларимизда бурилиш ясаши мумкинлигини эътироф этишни истардим.
Яна бир муҳим жиҳат, келгуси йилни “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили” деб эълон қилиш таклифи киритилди. Агар бу амалга ошадиган бўлса мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли маънавияти янада юксалади. Доно халқимиз томонидан "Осойишталик – энг яхши малҳам", "Юрти тинчнинг эли тинч", "Тинчлик – фаровонлик йўлдоши" каби мақоллар бежиз айтилмаган. Айни шу руҳ устувор бўлган миллат фарзанди эканимдан яна бир бор фахрландим. Боиси, саммит доирасидаги тадбирларда ахборот хавфсизлиги, экология, кибержиноятга қарши кураш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, гуманитар қўллаб-қувватлаш масалаларининг муҳокама этилиши, бир томондан, барчанинг эътиборини яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратган бўлса, иккинчи томондан, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етишга ундайди, учинчи томондан, агар қўшни диёрда ҳам тинчлик мустаҳкам бўлса, Афғон халқининг келгусида кафолатли ҳаётига мустаҳкам замин бўлишини англаб етиш мумкин. Афғон ёшлари ҳам билим олиб, ўз ҳаётини қуришларига шароит ва имконият яратилади.
Саммитда Президентимиз томонидан ШҲТ майдонида озиқ-овқат масалалари бўйича ҳали ҳам жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидланиши, агар ушбу соҳадаги ишларимиз тартибланадиган бўлса, биринчидан, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий риоя қилиш зарурлигини англатади, иккинчидан, ҳар бир оила мисолида оладиган бўлсак, соғлом турмуш тарзини татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Учинчидан, иқтисодиётимизда ушбу соҳада кескин ўзгаришлар бўлади.
Шу билан биргаликда, ШҲТнинг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини қабул қилиш билан бирга уни амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама қилиниши, келгусида ушбу масалада кенг кўламдаги ишларнинг амалга оширилиши, иқтисодиётимизнинг қон томири ҳисобланган темир йўл соҳасида Юртбошимиз таъкидлаган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши юзасидан уч томонлама Битимнинг имзоланишини тарихий воқеа деб баҳоланган бўлса, айни пайтда, яна бир муҳим лойиҳа – Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар темир йўл коридори қурилиши билан боғлиқ масаланинг кўтарилиши мамлакатлар иқтисодиёти юқори даражада ўсишига замин бўлади.
Айниқса, анжуман доирасида халқаро хавфсизлик масалалари билан бирга, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилгани, ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш ғоясининг илгари сурилиши, ҳар йили йирик савдо ярмаркаларининг ўтказилиши, унинг асосида ягона электрон платформа яратилиши, бугунги кунда айни дамларда, дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган ҳолатда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдидлар кучайганлигига эътибор қаратилиши жамият ривожланиши учун зарур бўладиган асосий масалалардан ҳисобланади.
Зеро, тинчлик бор жойда барака бўлади, тўйлар, тантаналар ҳамиша барчанинг кайфиятига кайфият қўшади. Ҳар бир инсон фаровон яшашни истайди. Буларнинг барча тинчлик бўлсагина амалга ошади. Шу боис, ушбу масала доимо диққат марказимизда бўлиши зарур. Тинчликни қадрлаш, уни асраш учун эса барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Саммит жараёнида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар, 40 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланиб, келишувлар амалга оширилди. Бунинг замирида бир масалани англаш мумкинки, анжуман ҳар томондан олиб қараганда ҳамкор ташкилотларнинг ижтимоий-иқтисодий, таълим ва гуманитар соҳаларида ҳамкорлик ишларини тизимли йўлга қўйиб, келгусида мамлакатлар ҳаётида бурилиш ясаш, жамият ривожи учун муҳим ислоҳотларни амалга ошириш заруриятга айланганини исботлайди десак, муболаға бўлмайди. Шу ўринда ШҲТга аъзо давлатларнинг сони ошиб бораётганлиги унинг дунё бўйича нуфузи ортаётганидан дарак беради.
Якунда Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши келгусида Янги Ўзбекистон ривожида муҳим ислоҳотлар амалга оширилиши учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шу маънода Самарқанд саммити эзгу мақсадларимиз, ниятларимиз ижобатини кўрсатувчи кўзгудир.
Ўктамжон Саломов,
Фарғона политехника институти ректори, профессор
ЎзА