Самарқанд саммити муҳим мулоқот майдонига айланди
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тизимида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан кўп томонлама платформа сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатларига тенг жавоб берадиган ишончли ва кўп томонли халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, yшбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон ярата олди.
Ушбу саммит тинчликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, дунё давлатлари ўртасида бирдамликни кучайтиришни мақсад қилган. Хусусан, бугунги дунёнинг қиёфаси, инсониятнинг ҳаёти учун хавф туғдираётган таҳдидлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши каби масалаларга алоҳида тўхталишни мақсад қилиб, манфаатли ҳамкорлик бўйича долзарб келишувлар билан тарихда қолади. Энг муҳими, умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади.
Йилнинг энг йирик дипломатик воқеаси сифатида эътироф этилаётган Самарқанд саммити 15 га яқин давлат раҳбарларини бир шиор остида бирлаштириб, ШҲТ расмий алоқалар ўрнатган халқаро ва минтақавий ташкилотлар йўлбошчиларини ҳар томонлама мустаҳкам шартномаларни йўлга қўйишда туртки бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани бажариш давомида асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди. “Ҳар биримиз кучли ва бирдам бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиори остида ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорлар учун жозибадор бўлишига эришиш борасида ўтказилган йирик тадбирлар доирасида кўплаб муҳим масалалар кўрилиб, ўттиздан зиёд концептуал дастур, келишув ва қарорлар ишлаб чиқилишига асос бўлди.
ШҲТ доирасида Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланиш стратегиясига доир консолидациялашган ёндашувларни ишлаб чиқиш, табиийки, мамлакатимизнинг ташкилотга раислигидаги асосий устувор йўналишлардан бири бўлди.
Саммит доирасида Афғонистондаги минтақавий жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтилганлиги тобора жадаллашиб бораётган иқтисодий-ижтимоий ҳолатларга бефарқ қарамаган ҳолда барча ШҲТ давлатларини кенг жалб этиш Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги яна бир устувор ёндашуви ҳисобланади. Барча бирлашган ҳолда, Афғонистонга биргаликда ёрдам кўрсатиш, мамлакатнинг минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш маънавий бурчимиздир.
Самарқанд саммитида ташкилотни янада ривожлантириш учун тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги сарҳисоб қилинадиган Самарқанд саммити йирик сиёсий ва дипломатик форум ва ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланади. Зеро, самарали халқаро ҳамкорлик дунёни барқарор, ишончли ва фаровон қилади.
Зулфия Туйева,
ЎзХДП Бухоро вилояти кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА