Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг биринчи ўринбосари Левенте Магяр билан музокаралар олиб борди.
Учрашув давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва инновацион соҳаларда кўп қиррали ўзбек – венгер ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги, сувни тежайдиган технологиялар, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, электроника, автомобилсозлик, тўқимачилик, кимё ва металлургия, илм-фан, инновация ва таълим каби соҳаларда янги юқори даромадли инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини ишлаб чиқишни ўз ичига олган қисқа ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган иқтисодий масалаларни тўлиқ кўриб чиқди.
Саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Венгрия сармоявий доираларини Ўзбекистон давлат корхоналари ва активларини трансформациялаш ва хусусийлаштириш жараёнини жалб қилиш истиқболлари алоҳида тартибда муҳокама қилинди.
Учрашув якунида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва кўп қиррали шериклик йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишилди.
Шу куннинг ўзида “Wizz Air”, "MasterGood", "KITE", "Eximbank", "Raba" каби етакчи венгер компаниялари ва банклари раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
ЎзА