Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиздан келиб тушган таклифлар асосида такомиллаштирилмоқда
Айни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давомида аҳолидан келиб тушган таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмиталари томонидан умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Конституциявий қонун лойиҳасининг матни лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда, юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унинг матни Вазирлар Маҳкамасининг Норматив атамалар комиссияси аъзолари, таниқли олимлар, тилшунослар, адабиётшунослар томонидан бир неча бор экспертизадан ўтказилди, соҳа мутахассислари, экспертлар иштирокида жамоатчилик маслаҳатлашувлари ҳам бўлиб ўтди. Мазкур жараёнда Конституциявий қонун лойиҳасига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг 26-1-моддасига жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўрилиши ҳуқуқига, шунингдек, афв этиш ёки жазони юмшатиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга деган янги норма киритилиши таклиф этилаяпти.
Бу қоиданинг Конституцияда акс эттириш нима учун долзарб, илгари бу борадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти йўқмиди, деган савол туғилиши табиий. Албатта, бор эди. Яъни, судланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили ёки жабрланувчига биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш имкониятини тақдим этувчи норма миллий қонунчилигимизда мавжуд. Аммо ушбу инсонпарвар тамойилнинг Конституциямизда акс эттирилиши келгусида бу қоиданинг тўғридан-тўғри ишлашига, фуқароларимизнинг манфаатини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик. Кейинги йилларда нафақат республикамиз аҳолиси, балки бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик мувозанатни сақлаш масаласига ўзига хос ечим бўладиган янги норма Конституциявий қонун лойиҳасидан ўрин олиши кутилмоқда. Лойиҳанинг 40-1-моддаси шаклида киритиладиган мазкур моддада қуйидаги нормалар ўрин олган. Яъни, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Бу ўзгариш, албатта жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Конституциямизнинг янги 41-2-моддасида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган — Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади деган нормалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Бу ўз навбатида, ўқитувчи мақомини Конституция даражасида белгилаш, унинг касбий фаолияти дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида бўлиши педагог кадрларнинг салоҳиятини ривожлантириш билан бирга, мамлакатимиз таълим тизимининг юксалишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Конституциявий қонун лойиҳасининг 56-моддасига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш билан жамоат бирлашмаларининг аниқ таснифи ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат дастурларини ишлаб чиқишдаги иштироки ҳақида сўз боради.
Хусусан, ушбу моддага фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, деган норма қўшилиши таклиф қилинмоқда.
Мазкур норма давлат фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда ёшларимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда барча идора ва ташкилотлар масъулиятини кучайтириш бўйича кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида ҳам бу борадаги ислоҳотларимизнинг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ нормалар Бош қомусимизда ҳам акс эттирилиши лозимлиги қайд этилган эди.
Шундан келиб чиқиб, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини мустаҳкамловчи бутунлай янги норма шакллантирилди. Хусусан, 65-1-моддага ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг жамият, давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш давлатнинг муҳим вазифаси эканлигини белгиловчи норма киритилиши таклиф этилаяпти.
Шунингдек, мазкур моддага давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши лозимлиги билан боғлиқ норма қўшилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ тизимини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айлантириш борасида ўзимизга хос ютуқ ва натижалар, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган кўплаб таклифлар асосида Конституцияда “Адвокатура” номи билан аталувчи янги боб (ХХII-I боб) шакллантирилди. Мазкур бобда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатура тизимини кучайтиришга хизмат қилувчи бир қатор модда ва нормалар ўрин олган.
Хусусан, 116-моддага жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади, адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади, адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади деган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, янги 116-1-моддага қуйидагича норма киритилиши назарда тутилмоқда. Яъни, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади. Адвокатнинг касбий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилинади.
Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда ҳар қандай соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижросини назорат қилишда, эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда камчиликларни очиқ-ойдин айта олишда жамоатчилик, шу жумладан оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли ортиб бормоқда. Такомиллаштирилаётган Бош қомусимизда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва уларнинг фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасида ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланмоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг 67-моддасига қуйидаги янги нормаларни қўшимча тарзида киритиш кўзда тутилмоқда:
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир.
Бир сўз билан айтганда, халқимиздан келиб тушган таклифлар асосида маромига етказилаётган, такомиллашаётган Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз манфаатига, юртимиз тараққиётига хизмат қилади.
Одилжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
Конституциявий комиссия Матбуот котиби
ЎзА