Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва халқаро тажриба
Пойтахтимиздаги "Hilton" меҳмонхонасида «Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очди:
— Янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи, унинг илҳомлантирувчиси шахсан давлатимиз раҳбаридир. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича дастлаб 62 мингта таклиф тушган бўлса, 25 июндан 1 августга қадар ўтказилган умумхалқ муҳокамасида колл-марказ, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, Meningkonstitutsiyam.uz платформаси, анъанавий мурожаатлари ҳамда жамоалар томонидан жами 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бу 1992 йилдаги умумхалқ муҳокамасига қараганда 25 баробардан ортиқдир. Ушбу таклифларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи аноним тарзда билдирилган.
Шунингдек, қарийб 70 фоизга яқини ёшлардан келган таклифлардир. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда бўлаётган сиёсий жараёнларга нисбатан халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг беэътибор эмаслигини намоён этади. Таклиф беришда фаол иштирок этган 130 мингдан ортиқ фуқарога миннатдорлик хатлари юборилди. Бундан ташқари, хориждаги ватандошларимиз томонидан ҳам кўплаб таклифлар юборилган. Улар илмий ҳамжамият иштирокида атрофлича муҳокама қилинди ва Конституциявий комиссияга тақдим этилди.
Халқаро анжуманда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, «ақл марказлари» конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу институтлар Конституциявий комиссия фаолиятига ҳам яқиндан кўмак кўрсатдилар. Хусусан, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида қабул қилинган 400 дан ортиқ бутун дунё ва минтақавий конвенциялар, декларациялар, резолюциялар ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди. 193 дан зиёд мамлакатлар конституцияси, конституциявий ислоҳотлари тизимли равишда таҳлил этилди. Халқаро ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш ва ўрганишлар асосида «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари», «Жаҳон конституциялари», «Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси» (5 жилдлиги) каби 10 дан зиёд фундаментал асарлар яратилди ҳамда улар асосида Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр-мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси Жаҳонгир Ширинов «Конституциявий қонун лойиҳаси — «Халқ қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир» тамойилининг натижаси» мавзусида маъруза қилди:
— Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари давомида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди, — деди Ж.Ширинов. — Ушбу таклифлар масъул қўмиталар ҳамда Конституциявий комиссия аъзолари томонидан бир қатор мезонлар асосида таҳлил қилиб борилди. Жумладан, таклифларнинг халқчиллиги, аҳоли учун ортиқча бюрократия келтириб чиқармаслиги, иккинчидан, таклиф Конституциянинг бошқа нормаларига, олиб бораётган сиёсатимизга, белгилаб олган стратегиямизга ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслиги, учинчидан, таклифларнинг амалга оширилиши ўзбек давлатчилигининг тарихий тараққиётига, буюк аждодларимизнинг маданий меросига ва миллий қадриятларимизга путур етказмаслиги, тўртинчидан, таклифларнинг долзарблиги, унинг шахсий эҳтиёждан келиб чиқиб эмас, балки кўпчиликнинг манфаатларидан келиб чиқиб берилгани ва бошқа мезонлар асосида таҳлил қилинди. Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш давомида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, академик ҳамжамият, халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда конституциявий ислоҳот ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасининг турли жабҳалари, новеллаларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий, 40 дан зиёд халқаро форумлар ўтказилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, аксилкоррупция, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилди, — деди қўмита раиси.
Анжуманда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Конституциявий қонун лойиҳасига расмий изоҳи ва таклифлари олинганлиги таъкидланди.
Конференцияда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари ҳам маъруза қилиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш, аҳолига кенг таништириш борасида партия ва фракциялар томонидан олиб борилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, ҳар бир сиёсий партия томонидан ишчи гуруҳлари тузилиб, улар аҳоли ва партия электорати вакилларидан келиб тушган таклифларни умумлаштирган ҳолда Конституциявий комиссияга тақдим этиб борган. Берилган таклифлар асосан сиёсий партияларнинг позициялари, ўз олдига қўйган мақсад-вазифалари ҳамда электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, анжуманда Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан олиб борилган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди. Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одил Тожиев оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳар бир модда юзасидан кенг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлашда журналистлар, блогерлар фаолиятининг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди.
Конференциянинг 2-сессияси давомида Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси, миллий ва халқаро тажриба борасида маърузалар тингланди.
Тадбир якунида халқаро конференция иштирокчилари томонидан якуний ҳужжат қабул қилинишига келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА
Халқаро конференцияда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий кординатори Роли Астхана, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, жумладан, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнлари, унинг давлат ва жамият ривожидаги аҳамияти, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилаётгани, янгиланаётган Конституцияда инсонпарварлик ғояларининг устувор эканлиги каби қатор жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтди.