Самарқанд саммити: тараққиёт, бирдамлик йўлидаги ҳамкорлик
Бугунги кунда дунёдаги нуфузли халқаро тузилмага айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда Шанхай шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон имзолаган декларация асосида ташкил этилган.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган давлатлардан бири сифатида унинг фаолиятида муҳим ва фаол роль ўйнамоқда. Мамлакатимиз ташаббуслари доим ШҲТнинг халқаро нуфузини ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиш баробарида унинг халқаро обрўсини ошириш йўлида астойдил иш олиб борди. Юртимиз ШҲТга раислик даврида тузилма доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга интилди.
Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол ўрни, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидек тузилмага муваффақиятли раислиги давлатнинг ўрни тобора юксалиб бораётганидан ҳамда мамлакатнинг тараққиёт йўлидаги қатъий мақсадга содиқ эканлигидан далолат беради.
15-16 сентябрь кунлари бугун дунё ҳамжамиятининг нигоҳи Ўзбекистонда бўлди. Самарқанд шаҳри йирик сиёсий халқаро тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. Самарқанд саммити инсоният олдида турган мураккаб муаммоларни ҳал этишга, ўзаро мулоқотга, тинчликни таъминлашга, глобал миқёсда огоҳликка, ҳамкорликка чақирувчи муҳим тарихий воқелик бўлди.
Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфуси жиҳатидан дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мамлакатлар раҳбарларининг бир доирада жамланиши, бугунги глобал, геосиёсий зиддиятлар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган бир даврда ўз актуаллиги билан барчанинг диққат-эътиборида турди.
ШҲТ улкан иқтисодий, сиёсий ва демографик салоҳиятга эга. Хусусан, дунё ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизи ва дунё аҳолисининг 40 фоизи ШҲТга аъзо мамлакатларга тўғри келади.
Глобал инқирозлар кучайиши шароитида ШҲТ ҳамкорлик ташкилот сифатида биргаликда ижобий ривожланиш намунасини кўрсатмоқда. Моҳиятан қараганда, ушбу интеграция бирлашмаси жадал ривожланаётган мамлакатларнинг миллий манфаатлари ҳисобга олинадиган янги, адолатли геосиёсий макон яратишга интилаётган мамлакатлар клубига айланмоқда.
Ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сонининг ошиши ШҲТ ҳарбий-сиёсий ташкилот бўлмагани, энг аввало иқтисодий бирлашма эканлигини кўрсатади. Ташкилот формати, шунингдек, глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этиш имконини ҳам беради.
ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқандда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети барпо этилди. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча сифатида Ўзбекистоннинг айни жабҳадаги аҳамиятини янада кучайтирди.
Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик – дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама кооперацияни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш таклифини билдирди. Ушбу дастурий ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жабҳаларини қамраб олиш, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга қаратилгани билан қувонарлидир.
Анжуман доирасида Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзолангани ҳам айни муддао бўлди. Боиси, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида муҳокамада бўлган бу лойиҳанинг Самарқандда ўз ечимини топгани ҳам Ўзбекистон ташаббусларининг нақадар аҳамиятли экани ва ўзаро боғлиқлик тенденцияларига ҳамоҳанглигидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити ўзбек дипломатиясининг, ташқи сиёсатининг яна бир ютуғи бўлди. Зеро, истиқболимизнинг ўтган даврида ҳеч қачон мамлакатимизда бунчалик кўп – 14 давлатнинг раҳбари бир даврага музокара ва фикрлашув учун йиғилган эмас. Ҳеч қачон ШҲТ доирасида рекорд даражада – 44 та битим имзоланган эмас.
Дилшод АРЗИҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
психология фанлари номзоди.
ЎзА