ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузиш таклифи – долзарб масала
“ШҲТнинг Самарқанд саммити якунлари ва экологик дипломатиянинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ташаббуси билан Экоҳаракат, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, олимлар, экология соҳасида фаолият олиб бораётган ННТ вакиллари, эколог-фаоллар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Давра суҳбатида ШҲТнинг Самарқанд саммити инсоният олдида турган мураккаб муаммоларни ҳал этишга, ўзаро мулоқотга, тинчликни таъминлашга, глобал миқёсда огоҳликка, ҳамкорликка чақирувчи муҳим тарихий воқелик бўлгани қайд этилди.
Саммитда экологик муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузишни таклиф этди.
Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, шу жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечимлар ва молиявий маблағлар жалб қилишга кўмаклашади.
Қурғоқчилик йил сайин авж олаётган, ҳар йили миллионлаб унумдор ерлар қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб кетаётган, энергия танқислиги ортиб бораётган, табиий ресурслар туби кўриниб қолаётган, биологик хилма-хиллик қисқараётган, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари яққол намоён бўлаётган бир даврда бундай кенг қамровли тузилмага эҳтиёж мавжуд.
ШҲТнинг Иқлим кенгаши таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштиришнинг мақсад қилиниши лойиҳаларни чуқур илмий асосланишини, уларнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Илмий кенгашнинг асосий вазифаси илмий асосланган ҳолда иқлим ўзгаришини башорат қилиш ҳамда унинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган аниқ инновацион таклифлар, лойиҳалар ва ечимларни тайёрлашдан иборат.
Таъкидланганидек, Иқлим кенгаши минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳасида сиёсий ечимларни амалга ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Ривожланиш дастури ва стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экология соҳасида етакчи экспертлар иштирокида илмий-амалий форумларни ташкил этиш каби масалаларда муҳим майдон яратади.
Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган талабнинг ошаётганлиги, углеводород хомашёси захираларининг камайиб бораётгани қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини янада кенгайтиришни, “яшил” иқтисодиётни кенг татбиқ этишни тақозо этмоқда.
Янги глобал яшил йўлни танлаш – бу ривожланишнинг ягона йўлларидан бири бўлиб, у жаҳон иқтисодиёти ва молиявий тизимига барқарорликни қайтариб беришни, инсон ривожланишининг турғун ўсишини таъминлайди.
Айни вақтда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан Орол фожиаси салбий оқибатларини камайтириш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ва экологик жиҳатдан қайта тиклаш нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида дунё ҳамжамиятига ўрнак бўлиб келган. Ўзбекистон ШҲТга раислик даврида Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ эканлигини, шу муносабат билан “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳалар, жумладан, қуввати 100 мВт-га тенг Нурота ва Нуробод қуёш станцияларини ишга тушириш орқали шахсий намуна кўрсата олди.
Шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича мамлакатимизда муҳим қадамлар ташланди. 2019 йил октябрь ойида “2019-2030-йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси” қабул қилинди.
Ўзбекистонда 2026 йилга бориб қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8000 МВтга етказиш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларининг фойдаланиш салмоғини 25 фоизга етказиш назарда тутилган. Бу йилига 7 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш, атмосферага 12 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари чиқишининг олдини олиш имконини беради.
Н.Абдураимова,
ЎзА