Ўзбекистон ФАОнинг «Бир мамлакат – бир маҳсулот» глобал ташаббусида иштирок этишини тасдиқлади
Ўзбекистоннинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО, қароргоҳи Римда) ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари ФАО томонидан «Бир мамлакат – бир маҳсулот» глобал ташаббуси бўйича ўтказилган йиғилишда иштирок этди.
Анжуман аввалида ФАО бош директори ўринбосари Бет Бекдол, ташкилотнинг минтақавий раҳбарлари ва экспертлари, аъзо давлатларнинг 120 дан зиёд вакиллари иштирок этди. Тадбирда ушбу ташаббуснинг аҳамияти тўғрисида иштирокчиларга ахборот берилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда дунёда истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 75 фоизи атиги 12 турдаги анъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари ва 5 турдаги ҳайвонот ҳиссасига тўғри келмоқда.
Экпертлар таҳлилларига кўра, 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони кўпайиши натижасида озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини бугунги кунга нисбатан қўшимча 50 фоиздан кўпроққа ошириш керак бўлади.
Бу, ўз навбатида, мавжуд экин турлари ва ҳайвонларни етиштиришда табиатга ва табиий ресурсларга бўлган босимнинг янада ортишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида «яшил инновация»ларни жорий этиш барқарор ривожланишнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
ФАО «Бир мамлакат – бир маҳсулот» глобал ташаббуси орқали қишлоқ хўжалигида истиқболи ва салоҳияти юқори бўлган муқобил экин турларини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш, янги бозорларни кашф қилиш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда жамиятда соғлом овқатланиш тарзини тарғиб этишни мақсад қилган.
Мазкур ташаббус глобал муаммолар, жумладан, ҳосилдорликни ошириш, соғлом овқатланиш, озиқ-овқат йўқотилиши ва чиқиндилари масалалари, био хилма-хиллик, ер ва сув ресурслари, кимёвий моддалар ишлатилиши ҳамда иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.
Бугунги кунда ФАОнинг ушбу ташаббусида иштирок этишга дунёнинг 30 дан зиёд давлати қизиқиш билдирган.
Ўзбекистоннинг ФАО ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари ўз маърузасида сўнгги 6 йилда мамлакат қишлоқ хўжалигидаги юз бераётган улкан ислоҳотлар ва унинг истиқболи тўғрисидаги маълумотларни ўртоқлашди.
Мамлакатимизнинг кўҳна «Буюк Ипак йўли» савдо йўлидаги Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хива каби шаҳарлари ўзининг бетакрор ширин мевалари ва қовунлари билан дунё мамлакатларида донг таратгани таъкидланди.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида экинларни диверсификация қилиш, ресурсга тежамли бўлган технологияларни кенг жорий этиш, интенсив боғлар майдонини кенгайтириш, юқори қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш асосий вазифалардан эканлиги қайд этилди.
«Boston Consulting Group» консалтинг компанияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон мева етиштириш ва уни жаҳон бозорига етказиб бериш бўйича сезиларли даражада рақобат устунлигига эга бўлиб, ушбу тармоқнинг 2030 йилга қадар бўлган экспорт салоҳияти 3,8 миллиард доллар деб баҳолангани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Хусусан, мамлакатимизда гилос етиштиришни янада ривожлантириш, унинг қўшилган қиймат занжирини такомиллаштириш ички ва ташқи бозорларда юқори истиқболга эга эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони ФАОнинг «Бир мамлакат – бир маҳсулот»глобал ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва унда иштирок этишга тайёр эканлигини маълум қилди.
"Дунё" АА