Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида самарали шартномалар имзоланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи арафасида Будапешт шаҳрида ўзбек-венгр бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган форумнинг барча тадбирлари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги сармоявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ўзаро муносабатни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто ўзаро алоқа ривожи юқори ўсиш суръатига эга эканини, Венгрия ҳукумати икки мамлакат учун устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни изчил кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлаётганини қайд этди. Венгрия бизнес вакилларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга чақирди.
Ўзбекистон томони мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароит, жумладан, визасиз режим, валюта сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, инвестор ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган янги Тараққиёт стратегияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.
Венгриялик тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди. Шу муносабат билан Венгрия компаниялари учун Ўзбекистонда алоҳида саноат ҳудуди ажратиш, маҳсулотларга эксклюзив имтиёз бериш ва кафолатли харидни таъминлаш, шунингдек, ташкил этилаётган устувор лойиҳаларни молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга ошириш каби аниқ чора-тадбирлар кўрилиши билдирилди.
Венгр компанияларига фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, электроника ва электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё ва қурилиш саноати соҳалари бўйича мавжуд инвестиция салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўтган йил апрель ойида Ўзбекистонга GSP+ бенефициар мақоми берилиши туфайли яратилган Европа Иттифоқи ҳамда МДҲ бозорига имтиёзли чиқиш имкониятидан фойдаланиб, самарали саноат кооперацияси занжирини яратиш истиқболи венгриялик ишлаб чиқарувчиларда жиддий қизиқиш уйғотди.
Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари, банклари ва етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” вa “B2B” учрашувлар ҳам ташкил этилиб, иштирокчилар қўшма корхоналар яратиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномалари тузиш масаласини атрофлича ишлаб чиқишга муваффақ бўлдилар.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янада кенг йўл очувчи қатор ҳужжатлар, инвестиция битимлари, экспорт шартномалари имзоланди.
ЎзА