Сенат ялпи мажлиси ўз ишини якунлади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда кун тартибига киритилган 11 масала кўриб чиқилди.
“Стандартлаштириш тўғрисида”, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилди.
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари таҳлил қилинади.
Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Сенат қарорлари қабул қилинди.
ЎзА