Ўзбекистон минтақада ишонч ва хавфсизлик учун курашади
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш қитъамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ва халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро форумдир.
Кенгашга бугунги кунда минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо. Тўққиз мамлакат ва бешта нуфузли халқаро тузилма — Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро миграция ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси унинг кузатувчиларидир.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш 2007 йил октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомини олган. Шунингдек, тузилма Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Халқаро миграция ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан ўзаро Англашув меморандумларини имзолаган.
Айтиш жоизки, кейинги вақтларда замонавий халқаро муносабатлар тизими тобора ортиб бораётган беқарорлик ва кутилмаган воқеликлар билан характерланишини кўп бора кузатмоқдамиз. Бутун дунёда бўлгани каби улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари ҳам жиддий хавф-хатарларга дуч келмоқда. Бу аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги билан боғлиқ муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи сифатида экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир.
Бироқ энг муҳими, бугунги кунда жаҳон мамлакатлари ўзаро ишонч инқирози кузатилмоқда. Аслида мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир. Бироқ сўнгги вақтларда жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайиб бораётганининг кузатилаётганлиги ва боз устига, у ҳатто ошкора қуролли тўқнашувга айланиб кетиш эҳтимолини ҳам айрим экспертлар инкор этмаяптилар. Энг ачинарли томони эса инсоният онгида ушбу глобал хатарнинг улкан хавфини ҳис қилиш сусайиб бораётгандек гўё...
Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида, биринчи навбатда, инсон капиталини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш зарур. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва жамоавий масъулиятга асосланган кенгаш фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон қайси минбардан бўлмасин, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш борасида муҳим ташаббусларни илгари суриб келган. Ўтган йили Душанбедаги саммитда ҳам, 13 октябрь куни Остонадаги учрашувда ҳам Президентимиз тинч Афғонистон Осиё минтақасидаги барқарорликнинг муҳим омили ҳисобланишини яна бир карра урғулади.
Хусусан, Президентимиз биринчидан, Ўзбекистон Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олишга қаратилган ва унинг яккалаб қўйилмаслигига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди. Тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар яратади.
Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Осиё мамлакатларининг Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Иккинчидан, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароит яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинган, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ишлаб чиқилмоқда.
Минг афсуски, бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатиш, турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш Президентимиз томонидан таклиф этилди. Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказиш масаласи ўртага ташланди.
Халқаро миқёсдаги қуролли можаролар, қарама-қаршиликлар дунё иқтисодиётини таназзул ҳолатига келтирди. Шунинг учун Осиё давлатлари иқтисодиётларини глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослашуви долзарб вазифага айланган. Давлатимиз раҳбари фикрича, протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳимдир.
Жаҳон саноат инқилоби янги босқичига ўтмоқда. Унинг асоси эса илғор технологиялар ва инновациялардир. Соҳани ривожлантириш барқарор тараққиётга таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу йўналишларда Осиё мамлакатлари глобал етакчиликка биргаликда эришиш учун барча имкониятларга эга.
Президентимиз саммитда яна бир долзарб масалани илгари сурди. У ҳам бўлса, озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш билан боғлиқ. Яхши биламизки, айрим сабабларга кўра, сайёрамизда энергия ресурслари ва озиқ-овқат нархлари ошиб кетди. Қитъамизнинг кўплаб давлатлари эса истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва танасида озиқ-овқат инқирозининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилмоқда.
Бутун жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Қизиғи шундаки, бир вақтнинг ўзида айнан Осиё мамлакатлари жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш масаласини илгари суриб, ушбу вазифаларни БМТнинг Озиқ-овқат дастури (ФАО) шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилишни таклиф этди.
Шубҳасиз, озиқ-овқат нархлари барқарорлигини сақлашнинг энг муҳим омилларидан бири иқлимни, табиатни асраш билан боғлиқ. Экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича «ЯШИЛ ОСИЁ» концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифи ҳам долзарблиги билан ажралиб туради.
Абдумалик Акрамов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА