"Қишлоқ аёлига эҳтиром" – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тадбир ўтказилди
Тошкент шаҳридаги "International Hotel Tashkent" мехмонхонасида 15 октябрь Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки” мавзусида форум ҳамда “Қишлоқ аёлига эҳтиром” номли тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), АҚШ Ҳалқаро тараққиёт агентлиги ҳамда “Ўзбекистон аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган анжумандан кўзланган мақсад хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, айниқса, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аёллар турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг муаммосига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, қишлоқ жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар билан таништиришдан иборат.
Форумда иштирок этган вакиллар, жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раҳбари Танзила Норбоева, ФАОнинг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлари вакили Пол Политис, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Ахмеджанова ва бошқа мутахассислар юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида муносиб иштирокини таъминлаш, истеъдодини рўёбга чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади.
Мулоқот чоғида қишлоқ ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий юксалишида, хусусан, аграр соҳада мамлакатимиз экспорт салоҳияти ва саноатини юксалтиришда хотин-қизларнинг роли, қишлоқ аёлларининг соғлиғини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик мухофазаси, ижтимоий ҳимояга оид амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Шунингдек, “Қишлоқ аёлига эҳтиром” номли байрам тадбирида турли касб эгалари бўлган қишлоқ аёлларига эҳтиром кўрсатилиб, сидқидилдан самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.
– ФАО қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш орқали қишлоқ аёлларини даромад келтирувчи муқобил фаолиятга жалб қилиш, улар учун янги имкониятлар яратишга ҳисса қўшади. Янги даромад манбалари эса аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга, бунинг натижасида янада соғлом ва билимли ёш авлоднинг камол топишига таъсир кўрсатади, – деди ташкилотнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг 41.3 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, республикада фаолият юритаётган 80 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг деярли 6 мингтасига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Республикамиз бўйича 688 минг гектардан ортиқ томорқа ерларида асосан хотин-қизларимиз меҳнат қилиб, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этяпти.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги "Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш" тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида мазкур сана халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида кенг нишонланиб, қишлоқ аёллари алоҳида эътироф этилади. Республикамизда ҳам ушбу кун давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида кенг тантана қилинади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда турли даражадаги тадбирлар ташкил этилади.
– Бугунги кунда агросаноат мажмуидаги 20 дан зиёд вазирлик, қўмита, агентликларнинг Марказий аппаратида 1386 нафар ходимларнинг 230 нафари хотин-қизлар бўлиб, 30 дан зиёди турли даражадаги раҳбар аёллардир. Тизим ташкилотларидаги 177.9 мингдан ортиқ ходимларнинг 47.6 минг нафари хотин-қизлар, улардан 650 нафарга яқини раҳбар аёллар, – дея статистикага тўхталди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев.
Б.Худойбердиев,
ЎзА