Бадриддин АБИДОВ: Буюк мақсадларга фақат жипслашиш орқали эришамиз
Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ва кузатувчилари расмий тахлилий марказларининг 8-йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов мамлакатимизнинг тузилма фаолияти доирасидаги фаоллигини белгилаб берган бир қатор ҳаётий ташаббусларга батафсил тўхталди.
Бугунги анжуман мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан ўзига хос аҳамият касб этади.
Маълумки, ташкилотимиз таркибидаги барча мамлакатлар замонавий, жадал ривожланаётган, жаҳонда улкан халқаро нуфузга эга ва иқтисодий таъсири тобора ортиб бораётган давлатлар ҳисобланади.
Ишончим комил, мазкур тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда транспорт алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги йўналиш ва шаклларини аниқлаш, ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имконини беради.
Шу ўринда сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Ташкилот давлатлари билан ўзаро стратегик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаш жоиз.
Охирги уч йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1.5 баробар ошиб, 2021 йил якунида 9.4 миллиард долларга етди.
Жорий йил 1сентябрь ҳолатига аъзо давлатлар капитали иштирокида Ўзбекистонда жами 4004 та корхона ташкил этилиб, қарийб 2 баробар кўпайди.
Бу кўрсаткичлар яхши, албатта. Бинобарин, мамлакатларимиз салоҳияти ва бизнес учун яратилаётган қулай шарт-шароит натижасида бундан-да юқорироқ кўрсаткич ва натижаларга эришиш мумкин. Зеро, Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай имкониятлар яратилмоқда.
Масалан, хорижий инвестиция ҳимоясини кафолатлайдиган ягона “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Солиқ тизими такомиллаштирилиб, бугунги кунда Ўзбекистондаги 12 фоизлик корпоратив солиқ ставкаси минтақада энг қуйи кўрсаткичдир.
Ислоҳотлар очиқлик сиёсатида ҳам намоён бўлмоқда. Дунёнинг 90 мамлакати фуқаролари учун визасиз режим жорий этилган. Қисқа муддат ичида “Дуинг Бизнес” глобал рейтингида Ўзбекистон 166-ўриндан 69-ўринга кўтарилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган ҳафта Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши борасидаги прогнозини оширди. Жумладан, мамлакат иқтисодиёти 2022 йил 4 фоиз, 2023 йили 5 фоиз ўсиши таъкидланди.
Бу ислоҳотларнинг бошланиши, албатта. “Янги Ўзбекистонда” тадбиркорлар учун янада қулай шароит яратиш учун барча зарур чоралар кўрилади ва бу борадаги ишлар давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси учун Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда транспорт соҳаларида ҳамкорликни бугунги кунгидан кўра юқори чўққиларга биргаликда олиб чиқишимиз устувор аҳамият касб этади.
Шу сабабли, давлатларимиз ўртасида алоқаларни янада ривожлантиришда қуйидаги йўналишлар муҳим саналади.
Биринчидан, мамлакатларимиз ўртасида савдо алоқасини янада ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади.
Мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш орқали яқин йилларда умумий савдо ҳажмини, дастлабки ҳисоб китобга кўра, камида икки баробар ошириш мумкин. Жумладан, 2023 йил якунида 20 миллиард долларга олиб чиқиш, яқин 5 йил ичида
40 миллиард долларга етказиш имкони бор.
Шу муносабат билан ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий қилишни таклиф этамиз.
Учинчи мамлакатлардан кириб келаётган маҳсулотлар ўрнини ўз ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулоти ҳисобидан тўлдириш бўйича саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил Туркий тилли давлатлар кенгаши Истамбул 8-саммитида бир қатор ташаббусларни илгари сурган эди.
Мавжуд имкониятни атрофлича ўрганиш мақсадида Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этишни тезлаштириш лозим. Ушбу Марказ савдо тўсиқларини бартараф этиш, электрон тижоратни кенг жорий қилиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтиришга қаратилган аниқ таклифлар ҳамда қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан шуғулланиши даркор.
Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш яна бир муҳим вазифа.
Бизнес доираларимиз мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобат нуқтаи назаридан устун жиҳатлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларини яратишдан манфаатдор.
Шу муносабат билан саноатни ривожлантириш миллий дастурлари асосида ўзаро маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш иқлимини шакллантириш бўйича умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодиёт тармоқларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этаман. Бу маҳсулот таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш имконини беради.
Давлатларимизда мавжуд ихтисослашган ташкилотлар негизида “Инжиниринг ва технологиялар марказлари”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бундай тузилмалар фаолияти қўшилган қиймат занжирини яратиш ва рақобатбардошлик тамойилига асосланган қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Бундай лойиҳаларни келгусида тузиладиган қўшма Инвестиция жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш мумкин. Ушбу ташаббусни рўёбга чиқариш ҳамда бу борада янги имкониятлар очиш учун келгуси йили Ўзбекистонда “Туркий давлатлар саноат ҳафталиги”ни ўтказиш ниятидамиз.
“Яшил энергетика” соҳасида стратегик ҳамкорликни кенгайтириш давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди, десам адашмаган бўламан.
Шамол электростанциялари барпо этиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика соҳасини рақамлаштириш ва илмий изланиш олиб бориш бўйича Ташкилот давлатлари ўртасида қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Мамлакатларимиз кўплаб йирик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчиларга эга. Шунга қарамасдан, ТДТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатликни йўлга қўя олмадик.
Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак.
Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида ҳудудларда мева-сабзавотни етиштириш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Иқлим ўзгариши масаласи глобал ва минтақавий даражадаги прогрессив ривожланиш жараёнига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Тан олиш керак, “Яшил тараққиёт” масаласида биз, афсуски, жаҳоннинг етакчи минтақаларидан анча орқадамиз.
Шу нуқтаи назардан саноатлаштириш бўйича миллий режаларни “яшил” ривожланишнинг умумий мақсадларига мослаштиришга қаратилган қўшма “Йўл харитаси” ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
Орол денгизининг қуриши нафақат минтақага, балки бошқа ҳудудларга ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Бундай экологик фожианинг оқибатини юмшатиш, салбий муҳит тарқалишининг олдини олиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Мазкур тузилма қароргоҳини ушбу экологик офатдан энг кўп зарар кўрган Орол бўйида жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хулоса шуки, олдимизга қўйилган буюк мақсадларга фақат ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятларни бирлаштириш, давлатларимиз ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий алоқани янги босқичга олиб чиқиш орқали эришиш мумкин.
Ғ.Хонназаров, А.Абдуллаев (сурат) тайёрлади.
ЎзА