“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиуми ўтказилади...
Самарқанд давлат университети, Анқаранинг Боязид Йилдирим, Бурсанинг Улудағ университетлари ҳамкорлигида жорий йил 17-26 октябрь кунлари «Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур» мавзусида халқаро симпозиум ўтказилади. Анжуманнинг ташкилий гуруҳи Самарқандда бўлиб турибди.
Туба Томбулоғлу, Туркиянинг Мерсин университети доценти, «Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур» халқаро симпозиум ташкилий қўмитаси аъзоси:
— «Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур» халқаро конференцияси 17-26 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Туркияда икки буюк ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид даврлари тарихини янгича қарашда ўрганиш, Ўзбекистон-Туркия алоқаларни янада кенг йўлга қўйиш мақсадида ўтказилаётган нуфузли халқаро анжумандир.
Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид билан боғлиқ тарихий воқеалар ўрганилар экан, бу икки буюк шахслар бир-бирига қарама-қарши қўйиб келинди. Натижада бу борада салбий қараш шаклланди. Ҳолбуки, Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид бир-бирига қарши ҳукмдорлар сифатида эмас, илм-фан, санъат, адабиёт, меъморчилик ва маданият соҳаларида юксак цивилизацион алоқаларни ўрнатган тарихий шахслар сифатида бугунги Туркия-Ўзбекистон алоқаларининг шаклланишида алоҳида ўрин тутади.
Симпозиум туфайли Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорлик тарихи тадқиқ этилади. Унинг бизга маълум ва номаълум томонлари кенг жамоатчиликка тақдим қилинади. Анжуман сўнгида иштирокчилар маърузаларини чоп этиш ва илм-фан оламига тақдим этиш ҳам режалаштирилган.
Али Асқархон Қосимов, Анқара Йилдирим Боязид университети катта илмий ходими, Исломий илмлар қўлланма ва тадқиқотлар маркази директори ўринбосари:
— Ҳар бир давр тарихи ўрганилар экан, мавжуд хронологияларда асосан урушлар акс этади. Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги муносабатлар ўрганилаётганда ҳам аксарият ҳолларда маданий алоқалар, тараққиётлараро алмашинув тушунчалари четда қолади.
Бир гуруҳ вакиллар билан анжуманни ташкил этишда Ўзбекистондаги ҳамкор бўла оладиган университетлар билан келишиш мақсадида келдик ва Самарқанд давлат университети, Ипак йўли туризм университети, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва бошқа кўплаб тадқиқот институтлари вакиллари билан учрашдик. Олиб борилган музокаралар натижасида Самарқанд давлат университети асосий ҳамкор сифатида танланди.
Анжуман Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган бўлса, давомий қисми Туркиянинг учта шаҳри — Бурса, Истанбул ва Анқара шаҳарларида бўлиб ўтади.
Анқара Йилдирим Боязид университетининг Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлиги 2020 йилдан бошланган. Айни шу йилда Анқара Йилдирим Боязид университети ректори Иброҳим Айдинлининг Ўзбекистонга биринчи сафари чоғида Ўзбекистоннинг 8 университети билан ҳамкорлик ўрнатилган. Самарқанд давлат университети уларнинг асосийси ҳисобланади.
Ўтган давр ичида СамДУ билан ҳамкорликда жуда кўп лойиҳалар амалга оширилди, илмий анжуманлар ташкил қилинди. 2021 йилда Самарқанд университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация Анқара Йилдирим Боязид университетида бўлди.
Бир фикрни айтиб ўтишим жоизки, Йилдирим Боязид университети Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги Анқара жанги бўлиб ўтган ҳудудда бино қилинган. Университетга Йилдирим Боязид номи берилишига сабаб ҳам шу.
Университет атрофи тарихий ҳудуд бўлгани учун яқинда Анқара Йилдирим Боязид университети доктори Сиддик Чалик бошчилигида тарих факультети жамоатчилиги бу жойларда қазишма ишларини олиб боришга патентни қўлга киритди. Эндиликда қарийб 2 миллион квадрат метр майдонда археологик қазишма ишларини олиб бориш режалаштирилмоқда. Ушбу қазишма ишлари натижасида агар Ўзбекистон тарихига оид намуналар топиладиган бўлса, Самарқанд давлат университети вакиллари билан биргаликда ўрганиш бўйича келишувга эришиш ҳам мақсад қилинган.
Симпозиум ташкилий гуруҳи аъзолари: Анқара Йилдирим Боязид университети доктори Сиддик Чалик, Мерсин университети доценти Туба Томбулоғлу билан анжуманнинг олий даражада ўтишини таъминлаш мақсадида тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Режага кўра, 14 октябрь куни симпозиумнинг асосий иштирокчилари Бухорога етиб келади. Шундан кейин анжуман Бухородаги фаолиятини бошлайди. Бунда Бухоронинг тарихий обидаларини томоша қилиш, диний илмлар тарихига оид манбаларни ўрганиш режага киритилган. 17-18 октябрь кунлари анжуманнинг очилиш маросими ва асосий тадбирлари Самарқандда ўтказилади.
20 октябрда иштирокчилар Тошкентда Амир Темур музейида бўладилар. 22-26 октябрь кунлари симпозиум Туркияда давом этади. Анжуманнинг ушбу қисмида Ўзбекистондан 15 нафар вакил иштирок этиши белгиланган.
Ирода Бекмуродова, Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
ЎзА