Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта давлат ташрифи билан Туркманистонга боради
Бу ҳақда брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Брифинг аввалида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди.
10 октябрь куни Президентимиз электромобиль тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
11 октябрь куни Президентимиз маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Шу куни давлат раҳбарининг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Президентимиз 12-14 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасига ташриф буюриб, Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Ташриф доирасида Президентимиз Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашувлар ўтказди. Уларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, истиқболли ҳамкорлик, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев билан учрашувда эса жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш масаласи кўриб чиқилди.
Бу ҳафтада ҳам давлатимиз раҳбари иштирокида қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Бугун куннинг биринчи ярмида Президентимиз ҳузурида қурилиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказиш учун қурилаётган Олимпия шаҳарчаси, Паркент туманида туризмни ривожлантириш ҳамда Термиз шаҳридаги зиёратгоҳларни ободонлаштириш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Куннинг иккинчи ярмида маҳаллаларнинг инфратузилмаси ривожига ажратилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш механизмлари ҳамда алоҳида топшириқлар ижроси юзасидан мутасадди раҳбарлар, хусусан Бош прокурор давлат раҳбарига ҳисобот беради.
Шунингдек, мазкур иш ҳафтаси давомида маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросига оид муҳокамалар режалаштирилган.
20-21 октябрь кунлари Президентимиз давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади.
Ташриф давомида икки мамлакат раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтади, уларнинг якунида салмоқли, биринчи навбатда савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўплами имзоланади.
Шунингдек, Президентлар Ашхобод шаҳрида барпо этилган “Тошкент” боғининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади ҳамда Ўзбекистон–Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш ишларига старт беради.
Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА