Президент ташаббуси амалда: Нукусни биргаликда ривожлантирамиз
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Самарқанд вилояти кўмагида бунёд этилган ўн бешдан ортиқ янги объект фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз вилоятлари Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган. Жумладан, Самарқанд вилояти 51 мингдан ортиқ аҳоли яшаётган Нукус туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Туманни 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида вилоят томонидан 898,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Мазкур ташаббус асосида 40 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланган ва бугунги кунга қадар 36 банднинг ижроси тўлиқ таъминланган, 4 таси бўйича ишлар давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар Нукусда 18 та объект фойдаланишга топширилиши кўзда кутилган. Жумладан, вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан туманда аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун 1,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, марказий шифохонага учта тез тиббий ёрдам кўрсатиш машинаси ва тиббий анжомлар олиб берилди. Самарқандлик малакали шифокорлари томонидан туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббий кўрик ташкил этилиб, 13 нафар беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Туман марказидаги 5 километр ички йўлларни таъмирлаш учун 3,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Фойдаланишдан чиққан 1154 гектар ер майдонида деҳқончилик, боғдорчилик қилиш мақсадида тадбиркорлар томонидан 45 гектар ерда узум кўчатлари экилди. 35 гектар майдон саксовулдан тозаланиб, сабзавот экинлари экишга тайёрланди. Тахиркўл овулида 10 километр, Саманбайда 6 километр ариқ ва зовурлар қазилиб, фойдаланишдан чиққан ер майдонларини фойдаланишга киритиш чоралари кўрилди. Самарқандлик тадбиркорларининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Бақаншақли, Арбаши, Ақманғит, Тўктов овуллари учун янги бинолар қуриб берилди. Кердер маҳалла маркази биноси реконструкция қилинди. Ушбу ва бошқа овулларда спорт майдончалари, мини футбол стадионлари ташкил этилди.
Туман марказидаги 56 оила яшаётган 4 та икки қаватли уйнинг том қисми таъмирланди. Кўтанкул маҳалласининг 3139 нафар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3 та янги сув насоси ўрнатилди. Электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 10 та трансформатор янгиланди. Маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган ва ишсиз фуқароларга мотокультиватор ва бошқа ишлаб даромад қилиш мумкин бўлган воситалар, 10 минг туп мевали дарахт кўчатлари, 200 хонадонга 6 минг бош парранда, 20 та хонадонга 80 бош эчки, ўнта хонадонга 10 та инкубатор тарқатилди. Бундан ташқари, 200 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Турли байрам тадбирлари муносабати билан 400 та эҳтиёжманд оилага газ плита ҳамда электрпеч, озиқ-овқат маҳсулотлари ажратилди. Ёзги дам олиш мавсумида нукуслик 100 нафар ўқувчи Ургут туманида жойлашган “Чорчинор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олди. Туман нуронийларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Вилоят тадбиркорлари томонидан эса 2022-2023 йилларда Нукусда умумий қиймати 368 миллиард сўмлик 27 та лойиҳани амалга ошириш ва 1520 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 16 октябрь куни Нукусда ўндан ортиқ бино ва иншоотларнинг очилишида иштирок этиш учун Самарқанд вилояти фаоллари махсус поездда Қорақалпоғистонга келди.
Дастлабки манзил Ақманғит шаҳарчасидаги Хотира майдони бўлди. Мазкур маскан 7,2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, “Нурли келажак ишонч сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан реконструкция қилинди. Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, шунингдек, Самарқанд ва Қорақалпоғистон жамоатчилиги вакиллари томонидан майдондаги хасратлиқ она ҳайкали пойига гуллар қўйди.
– Нукусдаги тадбирлар зиёрат билан бошлангани жуда хайрли иш бўлди, – дейди Самарқанд вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Шуҳрат Негматов. – Бу ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг ўтмиши муштараклиги, қувонч ва шодлиги бирлигини ифодалаб, икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шундан сўнг, Нукус тумани марказида самарқандлик, жумладан, ургутлик тадбиркорлар кўмагида 52 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига бунёд этилган Ақманғит савдо мажмуаси, 90 ўринли "Urgut hostel" меҳмонхонасининг очилиш маросими ўтказилди. Мажмуада 115 та дўкон ва 512 та савдо растаси ташкил этилди, мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
– Бизнинг Ургут туманимиз аҳолиси тадбиркор халқ ҳисобланади, – деди мажмуа очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. – Нукусда ҳам ишбилармонлик қилаётган ва бу ишнинг бошини тутиш истагида бўлган инсонлар кўп экан. Мазкур савдо марказининг ташкил этилиши орқали улар энди ҳамкорликда ишлайди, Нукусда тадбиркорликни ривожлантиришади.
– 850-900 километр йўл босиб келиб Нукусни обод қилаётган, бизга бу борада яқиндан кўмак бераётган Самарқанд вилояти ва туман, шаҳар ҳокимликларига, вилоят тадбиркорларига миннатдорлик билдирамиз, – деди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев. – Уларнинг беминнат кўмаги билан Нукус тумани маркази ва барча маҳаллаларимиз обод бўлмоқда. Янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилмоқда. Энг муҳими, одамларнинг турмуш тарзи ўзгаряпти. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон туманларига мамлакатимиз вилоятларининг бириктирилиши бугунги шиддатли замонда барча ҳудудларни бирдек ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур мажмуа яқинидаги, бир неча йиллик тарихга эга “Имом эшон" жоме масжиди учун 12 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янги бино бунёд этилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 700 кишининг ибодат қилиши учун шароит яратилди. Самарқанд вилояти ва Нукус тумани фаоллари янги масжид очилишида иштирок этиб, юртимиздаги тинчлик барқарор, элимиз омон бўлишини тилаб дуо қилди. Сўнгра Ақманғит шаҳарча фуқаролар йиғинининг янги биноси ва кутубхонанинг очилиш маросими ўтказилди.
– Шу пайтгача эски, етарли шароит бўлмаган бинода ишлар эдик, – дейди Ақманғит шаҳарча фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Халбай Утеганов. – Самарқандлик дўстларимиз томонидан 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, қурилган янги бинода ишлашимиз учун барча қулайликлар бор. Яна бир қувончли томони кутубхона очилгани бўлди. Бу шаҳарчамиз аҳолиси, айниқса ёшлар учун яхши совға ҳисобланади.
Бақаншақли овул фуқаролар йиғини учун “Жомбой яшил чироқлари" МЧЖ томонидан 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, бунёд этилган бинода ҳам овул ходимлари ва аҳолиси учун зарур шароит яратилган. Хоналар керакли мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Маҳалладаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари давомида 2 ва 15-умумтаълим мактаблари учун қўшимча синфхоналар қуриб берилди. Мактаб кутубхонасига китоблар совға қилинди.
– Самарқандликларнинг овулимиздаги бунёдкорлик ишларидан, аҳолига кўрсатаётган ёрдамидан жуда хурсандмиз, – дейди Даметкен Тажиддинова. – Мен 74 ёшга кириб, бундай кенг кўламли ишларни кўрмагандим. Бу аввало, Президентимизнинг қорақалпоқ элига бўлган эътибори, ғамхўрлиги, қолаверса, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлиги натижасидир.
Шу куни Арбаши маҳалласининг реконструкция қилинган биноси ва янги мини футбол стадиони фойдаланишга топширилди. Самарқандлик тадбиркорлар кўмагида Саманбай маҳалласида ташкил этилган “Set Nukus-textile” ва Қрантов маҳалласидаги “Aqmang’it kamalak invest” тикувчилик корхоналарининг очилиш маросими ўтказилди. 40 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция эвазига фаолияти йўлга қўйилган иккала корхонада ҳам маҳалланинг 100 нафардан хотин-қизлари доимий иш ўрнига эга бўлди.
Гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида туман марказида “Самарқанд ош” маркази ташкил этилди, туман марказий истироҳат боғи реконструкция қилинди. Тадбирлар доирасида Нукусдаги барча маҳаллаларда Самарқанд вилояти туман ва шаҳарлари, тадбиркорлари томонидан маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари, болаларга қишки кийим-бош совға қилинди. Йил якунига қадар Нукусда яна бир қатор объектларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Жумладан, Кердер маҳалласидаги маданият уйи биноси янгитдан қурилади. “Навобод наслли парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 35 миллиард сўмлик паррандачилик комплекси, “Жасмина Фруит Кластер” МЧЖ томонидан 6 миллиард сўмлик совутгичли омборхона ташкил этилади. Ўз навбатида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар давом эттирилади.
Кун давомида ўтказилган тадбирлар, самимий мулоқотларда икки томон фаоллари Самарқанд ва Нукус ўртасидаги масофа узоқ бўлсада кўнгилларнинг яқинлиги, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг муштарак тарихи ва дўстлиги туфайли алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани ҳамда янада ривожланиши алоҳида таъкидланди.
– Биз қорақалпоғистонлик дўстларимиз билан яна Нукусда, Самарқандда кўришгунча деб хайрлашдик, бу тарихий заминга яхши сабаблар билан яна келишни дилимизга тугдик, – дейди пастдарғомлик меҳнат фахрийси Аминжон Ғаффоров. – Ўз навбатида нукуслик дўстларимизни Самарқандга, Пастдарғомга таклиф қилдик. Нукус ва нукусликлар энди бизга бегона эмас, улар Самарқанднинг, бизнинг яқинларимиз.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов(сурат), ЎзА